Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган "Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ушбу тизимнинг тўлақонли шаффоф ва замонавий стандартлар асосида ишлашни тақозо этмоқда. Самарқанд вилоят "Ер мулккадастр" давлат корхонасининг туман филиали раҳбари Бобуржон Ражабов билан бўлган суҳбатимиз ана шу масалага бағишланди.
- Муҳтарам Юртбошимиз томонидан сўнгги йилларда ерлардан самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, муҳофаза қилиш, ҳамда унумдорлигини ошириш белгилаб берилган. Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш давлатнин энг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда, - дейди Бобуржон Ражабов,
- Бобуржон Норқулович, янги тизим аҳолига нима беради?
- Энди очиқ, шаффоф ва онлайн тарзда, яъни мамлакатимиздаги ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар кадастр агентлигининг онлайн геопарталига киритилади. Бу эса, ернинг ҳақиқий ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш имкониятини ҳамда очиқлик ва ошкораликни беради. Энг муҳими биз нафақат ҳар бир ердан фойдаланувчи ва ер ҳақидаги маълумотни очиқча кўришимиз, балки захирадаги ер майдонлари ҳақида геопоригал орқали билишимиз мумкин бўлади.
- Йил ҳам якунламоқда. Ҳисобот вақти келаяпти, шекилли.
- Ҳозирга қадар 1.662-та кадастр йиғма жилди шакллантирилди. Лекин бу иш қандай мураккаб, серташвиш ва вақт талаб қилишини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак. Аҳил жамоамиз вақт билан ҳисоблашмасдан халқимизга беминнат хизмат кўрсатишмоқда.
- Ҳар бир идорада мақтовга лоиқ ходимлар бор.
- Бизда усто-шогирд анъанаси ҳукмрон. Хайриддин Файзиев, Акмал Болтаев, Фурқат Солеев, Сайёр Рўзиев, Дониэл Михиев ва бошқалар касб сир-асрорларини қунт билан ёш мутахассисларга ўргатмоқдалар.
- Бобуржон, ўзингизни газетамиз муштарийларига таништирсангиз.
- Арабхона маҳалласида жойлашган 3-сон ўрта мактабни битириб Самарқанд давлат меъморчилик институтига ҳужжат топширдим. Мақсадим, падари бузургворим сингари қурувчи бўлиш эди. Қабул имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба деган номга сазовор бўлдим. Меҳрубон устозларим Ёқубов, Қўлдошев, Бобоев ва бошқалардан кўп нарсаларни ўргандим. Олийгоҳ дипломини олгач, институт йўлланмаси билан "Ўздавлатлойиҳа" вилоят бўлимида меҳнат фаолиятимни бошладим. Роса беш йил аввал туманга ер тузувчи сифатида ишга ўтдим. Бир йилдан буён мазкур идорада бошлиқ.
- Муҳтарам Юртбошимизнинг янги фармонига асосан энди ташкилотингиз кимга бўйсунади?
- Тўғри, ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қумитаси эндиликда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги сифатида фаолият юритади. Президент фармонига кўра, кадастр агентлиги кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларини давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия ва картография ҳамда давлат кадастрларини юритиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Хуллас, фармон ижроси бизлар учун ҳам қарз ҳам фарз.
Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.
Суратлар муаллифи Б.Қодиров
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.