Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи туман марказида бўлиб, ободонлаштириш билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиб чиқди.
Унда ҳудудда жойлашган зиёратгоҳда иккита фаввора яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, ўтлар билан тўлганлиги ҳамда Ободонлаштириш ходимларининг анжомларини сақловчи жойга айлангани аён бўлган. Ариқлар тозаланмаган, бу ҳам етмаганидек уларнинг бир қисми ғишт териб, ёпиб қўйилган. Ёмғир вақтида кўча сувлари чиқишининг иложи йўқ, савдо дўконлари эгалари пиёдалар йўлакчаларини эгаллаб олишган, юришга шароит йўқ. Чиқинди қутилари ахлатга тўлиб, ерга тўкилиб ётмоқда. Реклама тўғрисидаги қонун шаҳардаги кўча учун бегона. Йирик супермаркет барпо қилинган бўлсада, айрим маҳсулотлар кўчага чиқарилган ҳолда савдо амалга оширилгани айтилади.
Шу боис вилоят ҳокими Самарқанд туманидаги сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда профилактика инспекторлари билан учрашув ўтказди. Унда юқорида келтирилган қатор масалалар муҳокама этилди.
"Самарқанд тумани мени жуда безовта қиляпти. Туманда яқинда сайлов бўлиб ўтди. Маҳалла раислари сайланди. Қани натижа?",-дейди Эркинжон Турдимов.
Вилоят раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда "Гулобод" массиви секин-аста тиканзорлар марказига айланиб бормоқда. Ҳудуддаги чиқиндиларни йиғиштириб олишга масъул корхона Ободонлаштириш бошқармасининг ҳаракатлари сезилмаяти.
"Туман маркази мана шундай бўлса, унинг бошқа жойлари ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳеч бўлмаса бирорта маҳалла раиси ўз ҳудудига олиб бориб маҳалласи ободлигини кўрсата оладими? Нима учун кимдир камчиликларни кўрсатишни кутиши керак? Ҳар куни, ҳар соатда уларни тузатиш устида ишлаш керак",-дейди ҳоким.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.