Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Пенсия тайинлаш муддатларини биласизми?

Пенсиялар:

а) ёшга доир пенсия — агар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб олтмиш кун ичида уни сўраб мурожаат этилган бўлса, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади. Ушбу пенсия умрбод тайинланади;

б) ногиронлик пенсияси — агар ногиронлик белгиланган кундан эътиборан олтмиш кундан кечиктирмай пенсия сўраб мурожаат этилган бўлса, тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ногиронликни белгилаган кундан эътиборан тайинланади. Ушбу пенсия бутун ногиронлик даври учун тайинланади. Ногиронлиги бўлган 60 ёшдан ошган эркакларга ва 55 ёшдан ошган аёлларга — ногиронлик пенсиялари умрбод тайинланади. Ушбу ногиронлиги бўлган шахсларни қайта тиббий кўрикдан ўтказиш фақат уларнинг аризасига биноан амалга оширилади;

в) боқувчисини йўқотганлик пенсияси — пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб, лекин пенсия тайинланиши учун мурожаат этишдан олдинги 6 ойдан ошмаган муддатдан эътиборан тайинланади. Пенсия ушбу Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ марҳумнинг оила аъзоси меҳнатга қобилиятсиз деб ҳисобланган бутун давр учун, оиланинг: эркаклар — 60 ёшга, аёллар — 55 ёшга тўлган аъзолари учун эса — умрбод тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши муносабати билан чекловчи чоралар (карантин) жорий этилганда, агар фуқаролар чекловчи чоралар (карантин) даврида ёки улар тугатилгандан кейин пенсия тайинлашни сўраб бир ой ичида мурожаат қилган бўлса, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи юзага келган кундан эътиборан тайинланади.

Бошқа барча ҳолларда пенсия мурожаат этилган кундан эътиборан тайинланади.

Бир пенсиядан бошқасига ўтказиш пенсионер тегишли ариза ва барча зарур ҳужжатлар билан мурожаат этган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга оширилади.

 

Ш.САЙФИДИНОВ,

Самарқанд туман БТПЖ мутахассиси.


Дата добавления: 29/08/2022 14:36;   Просмотров: 7241
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку