2021 йил 29 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сонли Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Унга кўра юртимиз аҳолисига пенсия ва нафақаларни тайинлашда бир қатор қўшимча имтиёзлар белгиланди. Хусусан, эндиликда 2021 йил 1 июндан бошлаб, пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади. Бу билан кўплаб фуқаролар пенсия тайинлашда юзага келадиган муаммолардан, қийинчиликлардан, бюрократик тўсиқлардан холос бўлдилар.
Қайд этилганидек, яна бир муҳим янгилик — ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда улар учун ҳам ижтимоий солиқ тўлаб бориш ҳуқуқи берилди. Бу ўз навбатида, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлганлиги ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан ишламаган фуқаро учун келажакда пенсия олиш имконияти берилади.
Қонун билан пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши белгиланди. Бу билан фуқароларга доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган турар жойи бўйича пенсия (нафақа) тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинди.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқаритиришга хизмат қилади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.