Silk Avia авиакомпанияси жорий йилнинг сентябр ойида рўйхатга олинган ва 14-18 ноябрь кунлари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Dubai Airshow-2021 авиасалони доирасида Uzbekistan Airports ҳамда HAS Aviation GT LLC ўртасида минтақавий авиакомпанияни яратиш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича шартнома имзоланган.
zamin.uz сайтида келтирилишича, минтақавий авиакомпаниянинг ташкил этилиши Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллигини рағбатлантириш ва ички туризмни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишда муҳим аҳамиятга эга экани айтилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатнинг бир фуқаросига тўғри келадиган ўртача рейслар сонини кўрсатувчи аҳоли авиация ҳаракатчанлиги коэффициенти ошишига таъсир қилади.
«Биз бозорда ўзбекистонликлар учун ҳамёнбоп нархларда ички ҳаво қатновларини таъминлайдиган авиакомпания яратишни мақсад қилганмиз. Яқин-яқингача Ўзбекистон шаҳарларини боғловчи тўғридан тўғри рейсларнинг йўқлиги катта муаммо эди. Самарқанддан Хоразмга бориш учун йўловчилар Тошкент орқали учиши керак бўлган.
Бизнинг вазифамиз ички ташишни нафақат point to hub (пойтахтдан ҳудудларга) тамойили бўйича, балки point to point (ҳудудлар ўртасидаги) модель бўйича ҳам ташкил этишдир. Режада - 40 тагача йўналиш ишлаб чиқиш ва йўловчилар сиғими 70 кишигача бўлган ҳудудий ҳаво кемаларини харид қилиш. Тарифлар темирйўл тарифлари билан тенг бўлади. Бу ички туризм ривожига, истеъмолчи учун авиачипталарнинг якуний нархига ижобий таъсир кўрсатади», деди Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Янги авиакомпания минтақавий аэропортларни ривожлантириш учун ҳам зарур экани билдирилган. Биринчи босқичда у Uzbekistan Airports бошқарув компанияси томонидан ташкил этилмоқда. Келгусида авиакомпанияни хусусий секторга ўтказиш режалаштирилган.
Таъкидланишича, Silk Avia ўзини Uzbekistan Airways миллий авиаташувчисига рақобатчи сифатида кўрсатмайди, балки ички ташувларни ташкил этишда ҳамкор сифатида ишлайди.
Гулобод тонги
Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz