Адабиётшунос Ғафуржон Маҳмудов сурати ва сийратига чизгилар
Бу инсоннинг табиатида турфа феъл-атвор бўлганини кўп бора кузатганман. Суратига монанд сийрати ҳам гўзал, ҳавас қиларли, ибратли бўлган. Бу аввало Аллоҳдан, Яратган эгам бандаи мўминига неники раво кўрган бўлса, бариси мужассам ва бу залворли мартабани, илму амални муносиб даражада олиб борди. Биринчидан, у илм соҳиби, шуурида донишмандлик бор эди. Бу билан ғурурланмасди, аксинча ўзида борини бошқаларга ўргатгувчилардан эди. Бунга осонликча эришилмаган. Ота-онаси, оиладаги тарбия ва мактабдаги устозлари берган сабоқ, дорилфунундаги олий таҳсил Ғафуржон аканинг илм йўлини ёритган бўлса, не ажаб. Яна бир жиҳати, уни Алишер Навоий номидаги катта илм даргоҳига етаклаб келгани бўлса, университет дипломини олгач мустақил иш ва илмий изланиш йўли... бу йўллар ҳаётнинг ойдин йўлларидан бири бўлди.
"Илмнинг эшиги ҳамма учун очиқ, аммо бу эшикдан ҳамма ҳам киравермайди, залворли юк - илм юкини ким қандай кўтара олади, машаққатли йўлнинг синовларидан ким қандай ўтади, шуниси муҳим, - деганди домла суҳбатларимиздан бирида. - Кўпчилик ёшлар илк сўқмоқларданоқ ўтолмай, машаққатларга чидаёлмай илм йўлини ташлаб кетадилар.Мен илм йўлини тутиб тўғри қилдим, деб ўйлайман. "Сабрнинг таги олтин", дейишади машойихлар. Синовларни сабр-қаноат билан енгиб, олимлик даражасига эришдим. Шукрки, ўшанда жуда ёш эдим, ўттизга ҳам кирмагандим. Бундан отам бениҳоя қувондилар. Оиламиздан олим инсон етишиб чиқди, ЎзДУ (кўҳна одамлар СамДУни шундай атаб, фахр этарди) ни битириб, олим бўлди болам. Фарзандим ЎзДУда ишлаяпти, муаллим", дея мағрур юрар ва қишлоқдошларига мен ҳақимда кўп сўйларди".
Домла том маънода ҳақиқий инсон бўлганлар. Юриш-туриши, одоб билан сўзлаши, давраларда ўзини тутиши ҳавас қиларли эди. Таъбир жоиз бўлса, ҳар бир кийган кийими ўзига ярашиқли бўлган. Буни бизлар дастлаб домлалигида бўлса керак, деб ўйлаганмиз. Тўғри, юзлаб, минглаб талабаю профессор ўқитувчилар орасида шундай интизом билан юриш лозимдир, аммо кейинроқ билсам домла уйдаю тўйда, маъракаларда ҳам шундай тартибда - юришни одат қилган экан.
Доимо қўлларида китоб, хаёли оламнинг сир-асрорлари билан тўлуғ, дарслик китоб ва қўлланмалар яратиш билан банд бўлганлар. Ва бунга аъло даражада эришдилар ҳам.
Домла форс-тожик тилларини мукаммал билар, сўзлаша оларди. Араб тилини ҳам ўқий олмасада тушунчаси бор бўлган. Шу боис араб-форс тилларидаги қадимий қўлёзма асарлар, нодир манбаларни ўқиб илмий изланишдан чарчамас, балки ҳузурланарди. Муҳаррир хонасида Абу Абдулло Рўдакий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Жалолиддин Румий ва бошқа форс-тожик ҳамда ўзбек адабиёти намоёндаларининг классик асарлари турарди. Шкаф - китоб жавони шундоқ ўнг томонида, қиблага юзланган кўйи қўйилган бўлиб, домла бу нодир китобларга ҳеч вақт орқаси билан ўтирмас, аксинча ўнг елкаси оша китоблар кўзга ташланиб турарди. Бунинг боисини ҳеч бир шарҳсиз Қуръони Карим оятларининг "Аллоҳга, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга..." деб бошланадиган калималари билан изоҳларди.
Рости, домлани журналист сифатида даставвал тасаввуримга сиғдиролмаганман. Самарқанди азим бағридаги муқаддас даргоҳ - Матбуот уйининг биринчи қаватида жойлашган "Овози Самарқанд" газетаси таҳририятида кўп иқтидор эгалари фаолият юритганини биламан, ул зотлар жуда улуғ инсонлар - аммо кези келиб Самарқанд давлат университети доценти, филология фанлари номзоди Ғафуржон Маҳмудовнинг бош муҳаррир бўлиб ишга келиши бу ердаги "Зарафшон" ва "Самарандский Вестник" газеталари таҳририятлари ходимларида ҳам таажжуб уйғотди. Негаки, вилоятнинг бош нашри бу, тожик тилида чоп этилса-да газета вилоят ҳокимлигининг нашри. Ибтидо шундай бўлдики, домла биринчи галда ўзбек тилида қотириб мақола ёза оларкан ва онгу шууридаги тиниқ фикрларни аввал ўзбек тилида ёзиб олиб, сўнг тожик тилига ўзлари ўгираркан. Андак тушунмаган жойларини таҳририятдаги устоз журналистлардан сўрашдан ҳам орланмаганлар. Икки тилда ижод қилиб, ижодкорлар жамоасини қойил қолдирарди.Шу тариқа газетанинг "қолипи"га тушиб, икки ойлар ичида яхшигина журналист бўлди-қолди.
Ишга доимо барвақт борардим. Эрталаб соат саккиз бўлмасдан кабинетимда ўтирсам, домла қўлларида қоғоз билан кириб келдилар. "Тақсир, ( у киши ўзига яқин инсонларни шундай дерди), мен Навоий ҳазратлари ҳақида бир мақола битдим. Иккита савол олдида иккиланиброқ турибман. Билмаганимдан эмас, балки янглиш бўлиб хато кетиб қолмасин дедим. Биринчиси, "Саъдиддин Кошғарий Алишер Навоийнинг устози бўлган", деган сўз, ва иккинчиси "Лутфий домланинг ёш Алишернинг икки мисра шеърига бутун ижодимни алмаштираман, деганида неча ёшда бўлганлар?" Тожик тилида ёзилган мақоласини ўзбекчага ўгириб сўзларкан, ёш боладек беғубор ва табассум билан илтифот кўрсатдилар.
- Устоз, сиз олим инсонсиз, мен сизнинг мақолангизни тўғрилашга қандоқ ҳаддим сиғади? - дедим. - Қизиқмисиз, устознинг катта-кичиги бўлмайди, донолик ота-боболаримиздан мерос, - дедилар юзлари чақнаб.
- Саъдиддин Қошғарийни Алишернинг ёшликдаги устози, деб ёзинг. Лутфий домла эса ўн икки ёшли Алишернинг икки мисра шеърини тинглаб, бутун шеърларимни шу икки мисрага алиштирардим, дея ҳайратланганида 90 ёшда бўлганлар, деб таъриф этинг...
Таҳририятдаги гаштли, эсда қоларли онлар шундаки, ҳафта-ўн кун ўтиб навбатчилик келиб турибди-да. Унчалик хоҳиш бўлмаса-да, тунги навбатчилик жуда қизиқарли тарзда ўтарди. Биринчи қаватдаги кичиккина қоровулхонада Умида опа деган меҳрибон, онамиздек бўлиб қолган аёлнинг навбатчилик кунимизга тўғри келиб қолгани уч таҳририят навбатчилари учун ҳам яхши бўларди. Сабаби, Умида опа кичик хоначада аччиқ чой дамлаб қўяди, иссиқина бозор нонию дастурхони доимо очиқ. Бир гал навбатчилигимда қиш ойлари эди, соат тунги ўн бирлардан ошган.Тожик газета таҳририяти ходимлари газетанинг янги сонини "ёпиб", уйларига қайтаётган экан. Уч-тўрт ходим билан бирга бош муҳаррир ҳам коридорга чиқди. Умида опа домлага чой тутдилар. Ногаҳонда мени кўриб, Ғафуржон ака: "Сизда икки оғиз гапим бор", дедилар. Сўнг, биргалашиб иккинчи қаватдаги хонамга кирдик.
- "Булбулча" газетасини ташкил қилиб тўғри қилган эканмиз, ўқувчиси кўпайиб қолди. Мактаб ўқувчиларидан шеърлар келаяпти. Шуларни бир кўриб берсангиз, - дедилар сийрати тиниқлашиб.- Мана, қўлёзма нухсалари, битта чой биздан-да.
Шу баҳонада "Булбулча" севиб ўқийдиган газетам, ҳа, болалар нашри менинг ҳам газетам бўлиб қолди. Уйда болаларим ҳам севиб ўқийдиган бўлишди.
Домла мустақиллигимизнинг илк йилларида таълим тожик тилидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчилари учун "Ўқиш", "Алифбо", "Тожик тили" ("Она тили") дарсликларини ёзди. Бешинчи-олтинчи синф ўқувчилари учун ҳам дарсликлар тайёрлади. Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилувчи ижодкорлар, айниқса Ғафур Ғулом, Уйғун, Ҳамид Олимжон ва замондош шоирларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджоннинг болаларга атаб ёзган шеър ва ҳикояларини тожик тилига таржима қилиб дарсликлар тўпламини яратди. Домла бу ишни аъло даражада бажарди, десам тўғрироқ бўлади. Негаки, у киши ёзган ва тартиб берган дарслик китоблар республикадаги тожик мактаблари учун ҳам дастурий қўлланма вазифасини бажарди.
Ғафуржон Маҳмудов "Овози Самарқанд" газетаси таҳририятига ўн йилдан кўпроқ муҳаррирлик қилди. Бу даврда газета жамоаси янги ижодий кучлар, янги иқтидор эгалари билан тўлдирилди. Газета мазмун-мундарижаси бойиди, мақолалар мазмундорлиги ошди. Жамоатчи мухбирлар кўпайди. Газета чин маънода муштарийлар овози, хат-хабарлари билан тўлиб-тошди. Бу даврда домла чин маънода журналист бўлиб танилди, СамДУ тожик филологияси факуьтетида талабаларга сабоқ беришдан ҳам эринмади. Олим, муаллим, муҳаррир бўлиб танилди. Барисига вақт топди, жамоат ишларида фаол бўлди.
Баъзида бемаврид келган дард азоб берсада, домла журналистикага бўлган меҳри туфайли дардни енгиб ишга келар, оғриқлар гирдобида юрса-да чеҳраси очиқ, нимтабассум билан дўстларига пешвоз чиқар, ишини, касбини, дўстларини севар, уларни соғинарди. Устоз бу даргоҳни ҳақиқатан қадрлар, таҳририят эшиги доимо ҳамма учун очиқ ва мурожаатлар ўрганилиши баробарида ижод аҳли учун янги мавзулар яратиларди. Шу боис яратилажак бадиий-публицистик асарлари учун воқеалар, қаҳрамонларни шу ерда топарди. Шунинг учун бу даргоҳни ҳаддан ошиқ севар, бундаги ўзгача сеҳр барча қатори Ғафуржон домлани ҳам ўзига тортиб турарди. Афсуски, оғир дард йиқитди...
Анча вақт ўтиб биринчи қаватдаги "Булбулча" таҳририяти жойлашган хонага кирдим. Домланинг журналист қизлари Олима илиқ кутиб олди. Чеҳраси бироз маюс ҳолда, аммо отафеъл устун келиб иззат-икром кўрсатди. Қўлларида газета саҳифаси, коррректурасини ўқиётган экан. Ҳаммага манзур ва ўқувчисини аллақачоноқ топиб бўлган "Булбулча"нинг болалар чизган расмлар ва шеърлар саҳифасини биргалашиб ўқидик. "Ойим бошланғич синфлар ўқитувчиси, муаллим, энди журналистикага ҳаваси ортибдилар. Дадамдан ўтган-ов, баъзида таҳририятга бирга-бирга келаяптилар. Газета саҳифаларини ўқишга ёрдам бераяпти, хатоларни топаяпти. Муҳаррир деган ёзув ўрнига ойимнинг исм-шарифини қўямиз-ов, - дедилар ва "Устоз, дадамни яхши биладиган инсонсиз. "Булбулча"га келиб туринг...
Фарзандлари ҳам оталари сингари илм-маърифатли. Акбар Маҳмудов Самарқанднинг чин маънодаги зиёлиси ва маърифатпарвар, ижод аҳлини қўллаб қувватлагани бебаҳо хислати - улуғ мартаба. Азиз ўғли ҳам шу йўлдан бораяпти. Икки қизлари ҳам журналист, энди уларнинг сафига набиралари ҳам кириб келаяпти.
Домланинг бир хислати эсдан чиқаёзибди. У киши шогирдларга меҳрибон, шогирдпарвар зот бўлганлар. Домланинг дуосини олган шогирдларидан бири Баҳодир Раҳмонов, ҳозирда у эҳтиром ила устозининг ишларини давом эттираяпти. Олим, фан доктори, ўткир қаламкаш, депутат ҳам жамоат ишларида фаол. Бу сингари шогирдлари яна қанча...
Ғафуржон Маҳмудов мазмунли умр кечирди. СамДУ олимларию вилоят журналистлари орасида алоҳида ўрни, ҳурмати бор. Олимнинг ўнлаб китоблари қўлма қўл ўқилаётир. Катта оиласи, фарзанду набиралари, дўстлари доимо ёд этади. Агар ҳаёт бўлганида домла 70 ёшга тўлган, янги ижодий куч билан нафас олиб юрган бўларди.
Убай ҚОДИРХОН, журналист.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.