Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КОНСТИТУЦИЯМИЗДА МАВЖУД “МУВОЗИЙ” СЎЗИНИНГ МАЗМУНИДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил8 декабрда қабул қилинган бўлиб, у ўзининг ҳажман ихчамлиги ва ҳаволаки нормаларга ўрин берилмаганлиги билан аксарият давлатлар конституциялари ичида фарқланиб турувчи ўзига хос типдаги ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

Биз халқаро даражадаги ўзгаришлар ва замон талабларига мувофиқ халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида бош қомусимизга навбатдаги жиддий ўзгартиришлар киритилиши арафасида турибмиз.

Айни вақтда эса “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий Қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси бўйича мазкур лойиҳани таомиллаштиришга доир ишлар давом эттирилмоқда.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, қонунлар ўзгаргани сайин кишилик жамиятида ундан кам аҳамиятга эга бўлмаган яна бир ижтимоий восита – тил ҳам доимий равишда ўзгариб бораверади.

Конституциямизга ўзгартириш киритиш асносида берилаётган фикр ва тавсияларнинг ўта муҳим эканлигини эътироф этган ҳолда, бош қомусимиздаги ҳуқуқий тилнинг равонлиги ва ўзига хослиги ҳам кишини ўзига тортишини таъкидлаш жоиз.Хусусан, Конституциямизнинг 2-боби(7-14-моддалар) “Халқ ҳокимиятчилиги” деб номланиб, у халқ ва ҳокимият масалаларини демократик мезонлар асосида тартибга солади. Жумладан, 7-моддада “Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият идоралари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланиши ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлиши” белгилаб қўйилган. Шу ҳолатда “мувозий” сўзининг луғавий маъносини билиб қўйиш фуқароларимиз учун зарур бўлади. Зеро Конституциядек муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги сўзнинг маъносини билмаслик унда қайд этилган норма(лар) моҳиятини тўлақонли тушунишга йўл бермайди.Бош қомусимизни аниқ-равон тушуниш ва унга мунтазам амал қилиш эса бизнинг фуқаровий бурчимиздир.

Саволимизга жавоб топиш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси ҳузуридаги Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти томонидан нашр қилинган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг 625-саҳифасини очамиз.Унда ёзилишича “мувозий” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “тенг”, “баробар” деган маъноларни берар экан. Бу сўз бугунги ўзбек тилида кўп қўлланадиган “мувозанат” сўзи билан ўзакдош саналади. “Мувозанат” сўзи эса “таққослаш”, “тенглаштириш”, “тартибли бошқариш” маъноларини беради.Тарихий жараёнлар замирида шаклланган ниҳоятда бой тилимизда сўз ва жумлаларни замон ва ҳудуд омилларидан келиб чиқиб ишлата билиш, сўзларни шароитдан келиб чиқиб тўғри қўллаш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Хусусан, тилдаги сўзлардан фойдаланишда замон руҳи ва услубларга қатъий риоя қилиш ҳам тилимизнинг рангба-ранглигини оширади.

“Мувозий” сўзи бугунги кунда тилимизда эскирган – архаик сўз бўлиб, унинг маъносини тушуниш баъзи кишилар учун бироз тушунарсиз бўлиши мумкин. Шу сабабли ҳам, изоҳли луғатда қайд этилганидек, “мувозий” сўзини “параллел” деб тушуниш мақсадга мувофиқдир. Демак, Бош қомусимизнинг мазкур моддасида ҳокимиятнинг янги ва (функционал жиҳатдан такрорий ёки муқобил тарзда) параллел таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланиши аниқ қилиб белгиланган. Демак, она тилимизни ва ҳуқуқ соҳасини ўзаро боғлиқликда ўрганиш моҳиятан ўта муҳим саналади ва барча ҳуқуқшунослар учун юрислингвистиканинг ўрни жуда аҳамиятлидир, чунки ҳуқуқ тилини қўллаш орқали миллий юридик тил модели яратилади.

 

Нурмуҳаммадхон АБУЛСАИДОВ,

Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси.


Последнее редактирование: 05/12/2022 18:09;   Просмотров: 16972
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку