Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КОНСТИТУЦИЯ ТАРИХИГА НАЗАР

Маълумки, ҳар бир давлатда, унинг ички ва ташқи ҳаётини тартибга солиш ва давлат механизмининг режали ишлаб туришини таъмин этиш учун, юзлаб ва минг­лаб турли қонун ҳамда қонун­ости актлари қабул қилинади. Уларнинг баъзилари иқтисодга, баъзилари сиёсатга, баъзилари эса маданият ва ҳаётнинг бош­қа соҳаларига тегишли бўлиши мумкин. 

Буларсиз давлат ўз вазифаларини бажара олмайди. Аммо, юзлаб ва минглаб қабул қилинган барча бу қонунлар ва қонуности актлари давлат ҳаётининг жузъий, яъни айрим тармоқларигагина тааллуқли бўлади. Бу қонунларнинг ҳаммасини бир мақсад, бир ғоя ва бир тартибга бўйсундира оладиган ягона, умумдавлат асосий қонуни керак. Ана шу асосий, энг муҳим қонун Конституция хисобланади.

Яъни, содда қилиб айтганда, Конституция қонунларнинг қонунидир. Шу сабабли Конституция барча соҳаларга тегишли бошқа бир қанча қонунлар, қарорлар, кўрсатмалар ва ечимлардан юқори туради ва уларга нисбатан энг олий манбаа ҳисобланади. Конституциянинг талаблари ва шартлари фуқаролар, идоралар ва бошқалар томонидан қай даражада инобатга олинаётганлиги, бу талаблар ва шартларга давлатнинг турли тармоқлари ёки ижтимоий ташкилотлар томонидан риоя қилинаётганлигини назорат қилиб бориш махсус давлат идораларига топширилади (масалан, Конституциявий Суд, Олий Суд ва бошқалар).

КОНСТИТУЦИЯ (лотинча cons­titution сўзидан олинган бўлиб - тузилиш, тартиб деган маъноларни англатади) - давлатнинг асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция барча жорий қонунларнинг асоси ҳисобланади.

Конституция кишилик жамияти тараққиётининг буюк ютуқларидан бири ва давлатчиликнинг асосий белгисидир. Бир-биридан фарқланувчи юридик ва ҳақиқий (фактик) Конституция тушунчалари бор.

Юридик Конституция - ижтимоий муносабатлар доирасини тартибга солувчи маълум ҳуқуқий нормалар тизимидир.

Ҳақиқий (фактик) Конституция эса - шундай муносабатларнинг ўзи, яъни реал мавжуд муносабатлардир.

Конституция ўз шаклига кўра, кодекслаштирилган, кодекслаштирилмаган ва аралаш турларга бўлинади.

Кодекслаштирилган Конституция - конституциявий ҳусусиятга эга барча асосий масалаларни тартибга солувчи бир бутун ёзма ҳужжат ҳисобланади. Агар айни ўша масалалар бир неча ёзилган ҳужжатлар билан тартибга солинса, у ҳолда Конституция Кодекслаштирилмаган ҳисобланади. Аралаш турдаги Конституция - парламент томонидан қабул қилинган қонунлар ва суд прецедентлари билан бирга, одатлар ва назарий шарҳларни ҳам ўз ичига олади, яъни қисман ёзилган бўлади.

Ўзгартириш киритиш усули бўйича Конституция юмшоқ ва қаттиқ турларга бўлинади. Уларнинг биринчиси оддий қонун қабул қилиш йўли билан ўзгартирилиши мумкин. Иккинчиси махсус такомиллаштирилган тартибда (парламент аъзоларининг кўпчилик қисми овози, баъзан эса референдум ўтказиш, тузатишларни муайян миқдордаги федерация субъектлари томонидан ратификациялаш ва шу каби) ўзгартирилиши мумкин. Амал қилиш муддатлари бўйича Конституциялар доимий ва муваққат турларга бўлинади.

Давлат фаолиятининг турли соҳаларида Конституцияга риоя қилинишини назорат этиш Олий Суд ёки Конституциявий Суд зиммасига юкланади. Конституция атамаси  қадимий Римда мавжуд эди (Император Конституцияси деб аталган қонун). Ўзимизнинг давлатчилик тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг "Тузуклар"и Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлган. У шариат қонунлари билан бир қаторда Ўрта Осиё халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган. Европадаги тарихий тараққиёт ҳозирги кунда амалда бўлган Конституцияларнинг икки гуруҳини вужудга келтирди.

1-гуруҳ. Ҳозирги замон шароитларидан кескин фарқ қилувчи шароитларда қабул қилинган Конституциялар. Бу гуруҳга мансуб Конституцияларга 1787 йилги АҚШ, 1831 йилги Белгия, 1874 йилги Швецария каби давлатларнинг Конституцияларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

2-гуруҳга 20-асрнинг 2-ярмидан кейинги даврда қабул қилинган "Янги авлод" Конституциялари киради. Улар дастлабки Конституциялардан ҳуқуқ ва эркинликлар инс­титутининг, Конституциянинг ҳимоя қилиш механизмлари ва ижтимоий муаммоларга мурожаат қилиш механизмларининг кенгайиши натижасида конституциявий тартибга солиш ҳажмининг кўпайиши билан фарқ қилади.

Халқаро конституциявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналаридан келиб чиқиш натижасида яратилган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (08.11.1992 йил) жаҳон андозаларига мос бўлиб, халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ - Ўзбекистон Республикаси XII чақириқ Олий Кенгашнинг XI сессиясида, 1992-йил 8-декабрида Мустақил Ўзбекистон Давлатининг Конституцияси қабул қилинди. Давлатимизнинг бу асосий қонуни умумбашарий ғоялар билан суғорилган, Ўзбекистон халқининг асрий эзга орзуси бўлмиш мустақилликка, жамиятда янги ижтимоий муҳит яратишга ҳизмат қилишига қаратилган. Унда илк бор Ўзбекистоннинг ўзига хос ҳусусиятлари - қонунларнинг устунлиги, Давлат ҳокимиятининг 3 тармоққа (Қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари) бўлиниш тамоили, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият эканлиги акс эттирилган. Халқимиз ўз моҳияти билан тамомила янги Асосий Қонун, Бош Қомус - Конституциясига эга бўлди.

Ўзбекистон ҳудудида авваллари ҳам бир қатор Конституциялар қабул қилинган (Туркистон АССР 1918-1920-йиллардаги, Хоразм ва Бухоро халқ Республикаларининг 1920-1921-йиллардаги, Ўзбекистон ССРнинг 1927, 1937, 1978-йиллардаги Конституциялари). Аммо, ўша Конституциялар халқ оммаси ўз ҳудудини ўзи эркин ва демократик асосда бошқариши, ўз тақдирини ўзи белгилаши каби ҳуқуқларини таъминламаган эди.

Улар, асосан, "Марказ"нинг кўрсатмаси билан ёзилган ва собиқ Иттифоқ Конституциясидан кўчириб олинган эди. Ўша даврдаги Конституциялар амалда тобеликни мустаҳкамлар, маъмурий буйруқбозлик тизими учун имкониятлар яратар, чет эл давлатлари билан алоқа ўртнатиш ҳуқуқидан Республикаларни махрум этар, бошқарувнинг истебдоди тизимини муҳофаза этар эди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мустақиллиги эълон қилингач, табиий равишда Давлат Мустақиллигини Конституция асосида мустаҳкамлаш зарурияти вужудга келди. Шу масала хусусида тўхталар эканмиз, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов: "Давлатимизнинг келажаги, халқимизнинг тақдири кўп жиҳатдан Конституциямиз қандай бўлишига боғлиқ"-деган эдилар. 

Бевосита биринчи Президент ташаббуси билан Давлатимизнинг Бош Қомусини ишлаб чиқиш учун жамиятимизнинг турли соҳалардаги олимлари ва давлат арбобларини ўзида мужассам қилган 64 кишидан иборат Конституциявий Комиссия ўз ишини бошлади. Комиссия иш бошлаган кундан бошлаб то Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилингунига қадар Президент ва хукумат рахбарлари мазкур гуруҳга бош-қош бўлдилар. Конституциявий Комиссия бир неча ой давомида жаҳондаги энг ривожланган далатлар Конституцияларини, Ер юзидаги Конституция ёзиш анъаналари, тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб, шу асосда Мустақил Ўзбекистоннинг янги Конституцияси лойиҳасини яратди. Аммо, Конституциявий Комиссия бу билан чекланмасдан лойиҳани умумхалқ муҳокамасига олиб чиқишни таклиф қилди. Лойиҳа 1992-йил 26-сентябрда умумхалқ муҳокамаси учун матбуотда эълон қилинди. 

Яратилаётган Конституцияда янги Давлатнинг табиати, унинг ички ва ташқи сиёсати тамоиллари очиқ-ойдин ёритилди, инсон ҳуқуқларига, Давлат суверенлигига, демократиянинг ва ижтимоий адолатнинг олий мақсадларига содиқлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбек Давлатчилиги ривожланишинг тарихий тажрибасини ҳисобга олиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари устуворлигига таяниш лозимлиги айтилди. Мамлакатда яшаётган барча миллат ва элатлар учун муносиб ҳаётни таъминлашга замин бўлиш, барқарор бозор иқтисодиётга асосланган демократик ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамияти бунёд этилиши, Ўзбекистон Конституциясининг моҳиятини ташкил этади.

Дунё харитасида янги пайдо бўлган, демократик, инсонпарвар, адолатли жамият қурушни азму қарор қилган Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонуни - Конституциясининг қандай бўлиши нафақат Ўзбекистон халқини, балки бутун дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди.

Лойиҳа юзасидан тушган ва билдирилган барча таклиф, мулохаза, шунингдек, истаклар ўрганилиб чиқилди, улардаги ижобий таклифлар инобатга олиниб Конституция лойиҳасига киритилди. 1992-йил 8-декабрда Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан қабул қилинган Конституция мустақил Давлатимиз тарихида буюк воқеа бўлди деб бемалол айта оламиз.

Ўтган давр Ўзбекистон Республикаси Конституцияси дунёдаги энг демократик Конституциялардан бири эканлигини кўрсатди.

Д.ҚОДИРОВ,

Туман давлат архиви

директори.


Последнее редактирование: 09/12/2021 10:27;   Просмотров: 1135
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку