Ер куррасида ҳаёт давом этади, фасллар, ойлар, демакки, байрамлар ҳам такрорланади. Лекин бунда битта энг қимматли нарса - ўтган кунимиз ҳеч қачон такрорланмайди. Бироқ бунда ҳам бир ҳикмат бор, ҳар бир ўтган кунимиз бизнинг келажагимиз учун сабоқ чиқариб, ҳаётдан олган тажрибаларимизни ошиб боришига замин бўлиб қолади.
Қаранг, халқимиз, давлат, қўйингки жамиятимизда ўзимизни тутишимизни, содда қилиб айтганда эса барчамизни ҳаракатларимизни ва яна қандай ҳаракатлардан тийилишимиз кераклигини белгилаб берган Конституциямизнинг қабул қилинганлигига ҳаш-паш дегунча 29 йил бўлибди. Демак, бу давр тарихга айланаяпти, шу сабаб билан юқоридаги фикрлар бир зум хаёлимдан ўтди.
Жаҳон конституциявийлик амалиётига кўра, унинг матнининг қисқа ва лўнда бўлиши конституциялар нуфузи даражасини белгиловчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади, яъни мазмунан энг қисқа конституция бошқалари билан таққослаганда энг яхшиси деб баҳоланади.
Хўш, бизнинг Конституциямиз қандай экан, матни бўйича бир баҳолаб кўрайликчи?
Эътибор берсангиз, Конституциямизнинг матни 7543 та сўздан таркиб топган. Бунда республика сўзи - 390, Ўзбекистон - 354, қонун - 210, давлат - 98, ҳуқуқ - 90, конституция - 70, фуқаро - 66, Президент - 62, Қорақалпоғистон - 33, шахс - 32, эркин(лик) - 27, халқ - 24, демократия- 7 маротаба қўлланилган.
Бундан ташқари, Конституциямизда бошқа бирон бир мамлакатнинг конституциясида учрамайдиган иккита норма, яъни "Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур" эканлиги (64-модда) ва "Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур" (66-модда) эканлиги тўғрисидаги қоида ҳам бор.
Бунда биз Конституциямиз энг қисқа, яъни фахрлансак арзийдиган конституциялардан бири эканлигига, унда бошқа давлат конституциясида учрамайдиган халқимизнинг манфаатидан келиб чиққан қоидалар ҳам борлигига амин бўламиз.
Байрамингиз муборак бўлсин, азизлар!
Норқул САФАРОВ,
туман адлия бўлими
бошлиғи, 3-даражали
адлия маслаҳатчиси.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.