Ўтган йилнинг 2-апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан "Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси" қабул қилинган эди.
Қайд этиш жоизки, мазкур ҳужжат ички ишлар органлари ходимларини ҳар қандай шароитда давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган, миллий қадриятларга содиқ, ёт ва бузғунчи ғояларга қарши муросасиз кураша оладиган, имон-эътиқод ва иродаси мустаҳкам, фидоий ва маънавиятли кадрлар этиб тарбиялаш, уларнинг шахсий дахлдорлик ва масъулият ҳиссини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ана шу ҳужжатнинг қабул қилинганлигига бир йил тўлаши муносабати билан Ўзбекистон ички ишлар вазирлигида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди ва видеоселектор тарзида туман ички ишлар бўлимининг кенг жамоатчилиги ҳамда турли идоралар вакиллари иштирок этдилар.
Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Асадбек Икромов, республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайид ва бошқалар сўзга чиқиб, маънавий-маърифий ишларни ташкил этишда ички ишлар органлари амалиётида илк бор 7-та вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Видеоселектор тарзида ўтган тадбирдан сўнг туман ички ишлар бошлиғининг ўринбосари, полковник Асқаржон Каримов туманда ҳам маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш учун бир йил давомида қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Нотиқ айниқса шахсий таркиб ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш мақсадида алоҳида меъёрлар белгиланганлиги ва ходимларнинг китоб ўқиши қатъий назоратга олинганлигини қайд қилди. Энг муҳими, шахсий таркибга мутолаа қилиш учун 23 та ўзбек ва 16-та жаҳон адабиётлари рўйхати тасдиқланиб, ходимларга бир ойда ушбу асарларнинг камида биттасини ўқишлари мажбурий меъёр сифатида белгиланди.
Анжуман ниҳоясида туман ички ишлар бўлими томонидан китоблар тақдим этилди. "Гулобод тонги" газетаси таҳририятига генерал-лейтенант Баҳодир Матлюбовнинг "Ўзбекистонда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш тарихи" асари топширилди.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Сурат муаллифи: Баҳодир ЗОҲИР.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.