Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИСМИ ЖИСМИГА МОНАНД ЎҒИЛОЙ

(Халқимиз саломатлиги йўлида фидойилик кўрсатаётган жонкуяр ёш шифокор Ўғилой Узоқова сийратига чизгилар)

Саломатлик ҳар бир инсон учун бебаҳо бойликдир. Инсоннинг тўрт мучаси соғлом бўлсагина ўзини бахтиёр ҳис этади, меҳнатидан завқланади, оиласига, яқинлари ва атрофидаги одамларга нафи тегади, ўз олдига юксак орзу-мақсадларни қўйиб, улар сари интилади. Шунинг учун ҳам жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва мамлакат тараққиётининг юксалишида муҳим омиллардан бири бу-фуқаролар саломатлиги ҳисобланади. Донишмандларимиз "Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир" ёхуд мутафаккир бобомиз А.Навоий ҳазратлари эса "Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодир" деб бежизга лутф этишмаган. Ана шундай таърифларга мос равишда бугун халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилиб,  беморлар дардига нафақат дору-дармон, касб маҳорати, тажрибаси, балки хушмуомаласи, ширин сўзи билан ҳам малҳам бўлаётган, фидойи шифокорлардан бири лавҳамиз қаҳрамони Ўғилой Узоқовадир.

... 1986 йил августнинг тўққизинчи санасида Хайрулла ака ва Ҳабиба опа хонадонларида яна тўртинчи қиз фарзанд дунёга келди. Ота-она Оллоҳдан ўғил фарзанд беришини ҳам сўраб қизчага яхши ниятлар билан Ўғилой деб исм қўйишди. Ўғилойни қадами қутлуғ келиб, у тетапоя бўлганда, Яратганнинг инояти билан хонадонда ўғил туғилди ва унга дадасининг исмига мос равишда Саъдулло дея исм қўйишди.

Бундан волидаи меҳрибонларнинг қувончлари чексиз бўлиб, кенжа қизларига Ўғилой деб исм қўйишганидан жуда хурсанд эдилар. Ўғилой болалигидан ўғил болаларга хос сифатлар - қатъиятли, шижоатли, тиришқоқ ва довюраклиги билан исми жисмига монанд эканлигини кўрсатиб улғайди.  У нафақат ота-онаси, балки эл-юрт корига ярайдиган комил инсон бўлишга ҳаракат қиларди.

Вақт ўтиб камолот ёшига етгач, Ўғилой шифокор бўлишни ўзига мақсад қилди. 2003 йил қишлоғидаги 23-мактабни аъло баҳоларда тугатиб, Самарқанд тиббиёт институтига ҳужжатларни топширди.  Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, болалар педиатрияси факультети талабаси бўлди. Институтда ўқиш жараёнида ҳам илмга чанқоқлиги,  изланувчанлиги ва фаоллиги билан курсдошларига ўрнак эди. Шу боис ҳам 2010 йилда олийгоҳни битириб, устозларининг маслаҳати билан СамМИнинг юқумли касалликлар килиникасида ординатурага ўқиди.

2015 йилда республика болалар ижтимоий мослашув маркази Самарқанд минтақавий  филиалида болалар шифокори сифатида иш бошлаган Ўғилой энди олган назарий билимларини амалиётда қўллаб, болажонлар саломатлигини тиклашда ўз билими ва салоҳиятига таяниб фаолият олиб боради. Касбига садоқати  ва меҳри туфайли йиллар ўтган сайин тажрибасини ошириб, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиб келаяпти. 2018 йилдан туман "Тез тиббий ёрдам" бўлимида ҳам навбатчи врач сифатида самарали меҳнат қилмоқда.

Қайд этиш лозимки, 2019 йилдан Хитой давлатидан бошланган "Коронавирус" деган вабо бугун бутун ер юзига тарқалди. Инсоният бошида таҳликали вазиятни солган балога қарши курашишда таъбир жоиз бўлса айтиш мумкинки, жанг майдонининг олдинги сафида шифокорларимиз киришди. Оқ халатли халоскорлар ўз ҳаётини, саломатлигини хавф-хатарга қўйиб, юртдошларимизни коронавирусдан ҳимоя қилиш масъулиятини ўз зиммаларига олишди. Шифокорлар хавфли вирусни юқтириб олган беморларни даволаш жараёнида куну тун заҳмат чекиб, ҳақиқатдан жасорат кўрсатишмоқда. Пандемия шифокорлар қанчалик шарафли ва масъулиятли касб эгалари бўлиши билан бирга, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мақоми юқори, халқимиз орасида ҳурмат-эътибори баланд эканини ҳам кўрсатиб берди. 

Ў.Узоқова ҳам кейинги икки йилда пандемиянинг энг авж олган даврларида ўзининг қалб қўри ва юрак амри билан вилоят махсус тақсимлаш ва даволаш марказига (коронавирусга қар­ши) шартнома асосида бир ойлик муддатда ишлаб, хасталикка чалинган юзлаб беморларни даволаш ва ажал исканжасидан қутқаришда ҳисса қўшди.

Ҳа, буни ҳақиқий қаҳрамонлик десак муболаға бўлмайди, чунки, бундай олижаноблик ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Биз Ўғилой Узоқова билан учрашиб суҳбатлашганимизда у шифокорлик касбини танлашида асосан ота-онаси сабабчи бўлганликлари ва бундан бир умр миннатодор эканлигини билдирди. Ўғилой бизларга пандемияга доир ўтмишдаги бир ривоятни ҳикоя қилиб берди.

- Ривоят қилишларича табобат илмининг султони, буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино ўз даврида қора ўлат тарқаган шаҳарга боради, - дейди Ўғилой. - Шунда одамлар у кишидан бу ўлатни давоси борми, деб сўрашади. Ҳа, давоси бор, дейди буюк табиб, бунинг учун энг аввало одамларнинг вабо ваҳимасидан қутқармоқ керак. Қора вабо одамдан-одамга юқади. У ҳамма нарсага - кийим бошга, юз-қўлларга ёпишиб олади. Шунинг учун олди-сотдини ман этиб, бозорларни ёпиш лозим. Вақтинча масжидларни ҳам беркитиб, намозни ҳар ким уй-уйида ўқиб турсин.

Кейин жарчилар одамлар гавжум жойларга, бозорларга чиқиб, халққа мурожаат қилишади: Халойиқ, эшитмадим деманглар, бир ерда тўпланманглар! Савдогарлар молларини уйма-уй юриб сотсинлар! Пулларини сирка солинган идишда сақласинлар! Улуғ табиб Ибн Сино шундай деб айтмоқдалар. Халойиқ, халойиқ, касалларни айри хонада ётқизинглар. Касал боқувчилар бурунларига сиркали пахта тиқиб олсинлар... Бозорда, масжидда тўпланманглар! Ҳар бир касал кишидан юз соғ одам бемор бўлиши мумкин...

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида Ўғилой келтирган ривоят бугунги кунлардаги карантин чораларига айнан ўхшайди. Бундан кўриниб турибдики, аллома бобомиз ўн аср аввал юқумли касалликларнинг тарқалишини олдини олиш ва уни даволаш усулларини баён этган.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Ўғилой нафақат малакали шифокор, балки оилада меҳрибон она, сариштали уй бекаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи Аҳрор Турсунов билан биргаликда уч нафар фарзандларини комил, етук, жамиятга муносиб инсонлар қилиб вояга етказишмоқда.

Биз юртимизда Ўғилой сингари жонкуяр, фидоий тиббиёт ходимларимиз янада кўпайишини истаб қоламиз.

Тошпўлод ЮСУПОВ,

Зоҳир ҲАСАНЗОДА.


Дата добавления: 11/10/2021 11:08;   Просмотров: 893
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку