Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Иқтисодий суд қандай асосларга кўра суд муҳокамасини кейинга қолдириши мумкин?

Суд ишларини кўришда процессуал муддатлар муҳим ўрин тутади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексидаги нормалар процессуал муддатларга рационал ёндашишни талаб қилади.

Кодекснинг 171-моддасида эса суд муҳокамасини кейинга қолдиришнинг асослари санаб ўтилган.

Унга кўра, суд кутилмаган ва фавқулодда ҳолатларда ишни суд мажлисида кўриш мумкин бўлмаган тақдирда, шу жумладан:

  • тарафнинг илтимосномаси бўйича, у низони келишув йўли билан ҳал қилиш мақсадида суддан кўмаклашишни сўраб мурожаат қилган тақдирда;
  • агар суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган ишда иштирок этувчи шахс суд мажлисига кела олмаслиги сабабларини асослаган ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилган бўлса ва башарти ушбу шахснинг иштирокисиз ишни кўриш мумкин бўлмаса;
  • ишда иштирок этувчи шахснинг ўз вакили суд мажлисига узрли сабабга кўра кела олмаганлиги муносабати билан қилган илтимосномаси бўйича;
  • суд процесси иштирокчиларидан бирортаси, агар суд ишни ушбу шахснинг иштирокисиз кўриш мумкин эмас деб ҳисобласа, келмаган тақдирда;
  • тарафнинг қўшимча далиллар тақдим этиш ёки учинчи шахслардан талаб қилиб олиш зарурати билан боғлиқ ҳолда суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги илтимосномаси бўйича;
  • суд мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилаётганда видеоконференцалоқа ўрнатиш имкони бўлмаган тақдирда;
  • суд процесси иштирокчиларидан бирортаси келмаган ва кўрсатилган шахснинг суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинганлиги тўғрисида далиллар мавжуд бўлмаган тақдирда;
  • ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор бўлган жавобгар билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;
  • низоли ҳуқуқий муносабатдан чиқиб кетган тарафни унинг ҳуқуқий вориси билан алмаштириш зарур бўлган тақдирда;
  • иккинчи жавобгарни ёки учинчи тарафни ишда иштирок этиш учун жалб этиш зарур бўлган тақдирда суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли.

Суд муҳокамаси уни кейинга қолдиришга асос бўлиб хизмат қилган ҳолатларни бартараф этиш учун зарур бўлган муддатга ушбу Кодексда суд муҳокамаси учун назарда тутилган муддат доирасида, бироқ кўпи билан ўн кунга қолдирилиши мумкин. Суд муҳокамасини кейинга қолдиришлар сони уч мартадан ошмаслиги керак.

171-моддага қаралса, суд 10 та ҳолатда суд муҳокамасини кейинга қолдиришга ҳақли эканлиги англашилади. Аммо амалиётда, суд мажлисида тарафлар (вакиллари) қуйидаги ҳолатларда ҳам суд муҳокамасини кейинга қолдиришни сўраб судга мурожаат қилишади:

- адвокат хизматидан фойдаланиш учун муҳлат беришни сўраб;

тарафнинг ёки унинг вакили (адвокат) иш ҳужжатлари билан танишиш ёки иш ҳужжатларидан кўчирма ёхуд фотонусха олишни сўраб.

Бундан ташқари, ишни кўриш давомида, хусусан, ишда иштирок этувчи шахсларнинг тушунтиришлари, фикрлари, хулоса ёки илтимосларига ҳамда ишдаги ҳолатлар ва далилларга асосан айрим тоифадаги ишларни жойнинг ўзига чиқиб сайёр суд мажлисида кўриб чиқишга тўғри келиши ҳам мумкин.

Табиийки, бу ҳам ишнинг одилона, ҳар томонлама чуқур ўрганиб кўрилиши учун суд муҳокамасини кейинга қолдириб кўришни тақозо қилади.

Аммо мазкур нормалар бугунги кодекснинг 171-моддасида мавжуд эмас.

Шу сабабли ҳам, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекснинг 171-моддасининг 1-қисмига қуйидаги хатбошиларни киритиш тавсия қилинади:

- тарафнинг илтимосномаси бўйича, у адвокат хизматидан фойдаланиш учун муҳлат беришни сўраб мурожаат қилган тақдирда (янги учинчи хатбоши);

- тарафнинг ёки унинг вакили – адвокатнинг илтимосномаси бўйича, у иш ҳужжатлари билан танишиш ва ёки иш ҳужжатларидан кўчирма ёхуд фото нусха олишни сўраб мурожаат қилган тақдирда (янги – тўртинчи хатбоши);

- ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига кўра ёхуд суд томонидан суд муҳокамасини низоли ҳудудда сайёр суд мажлисида кўриб чиқиш лозим деб тўхтамга келинса (янги – ўн учинчи хатбоши).

Ушбу ожизона таклифларимиз жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишга, шунингдек, иқтисодий судловни амалга оширишдаги процессуал нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, уларнинг процессуал қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилиши фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларининг қонун йўли билан янада кенг қамровли ҳимоя қилинишини таъминлайди.

 

Н.АБУЛСАИДОВ,

Самарқанд вилоят

Тойлоқ туманлараро иқтисодий суди

судья ёрдамчиси.


Последнее редактирование: 05/08/2022 11:23;   Просмотров: 2699
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку