Юртимизда ногиронлиги бўлган шаҳслар давлатимиз томонидан муҳофазага олинган, уларга доимо ғамхўрлик кўрсатилади. Ўзгалар меҳри ва ёрдамига муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатиш саховатли кишилар, корхона ва ташкилотлар томонидан анъанага айланган.
Имконияти чекланган инсонларга моддий ва маънавий ёрдам бериш, улар жамиятда ўз ўрнини топиши учун кўмаклашишга чорлаш, бир-биримизга меҳр-мурувват кўрсатишга ундаш рамзи бўлган ушбу кунни муносиб ўтказиш шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли қарорига мувофиқ 3 декабрь - Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни этиб белгиланган.
Шунинг учун ҳар йили 3 декабрь меҳру - саҳоват байрами сифатида нишонланади. Ҳалқаро ногиронлар куни бутун дунёда шу шиор остида байрам қилинади. Жамиятда, орамизда яшаётган айрим кишиларнинг жисмоний имкониятлари чекланган, улар ижтимоий ҳимояга ва алоҳида эътиборга лойиқ ва бунга қонуний ҳаққи бўлган шахслардир.
Статистик маълумотларга кўра, сайёрамиз аҳолисининг 15 фоизи (бу 1 млрд.дан ортиқроқ инсон) ногиронликнинг у ёки бу туридан азият чекади. Демократик ва инсонпарвар давлатларда уларнинг ҳуқуқлари қонун йўли билан ҳимояланган. Мамлакатимиз ҳам ана шундай инсонпарвар давлатлар сирасига киради.
Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабида 218 нафар ногиронлиги мавжуд бўлган ўқувчи – ёшлар таҳсил олишмоқда. Улар бошқа тенгдошлари қатори ёшлар учун яратилган барча ҳуқуқ ва имкониятлар ва имтиёзлардан фойдаланишади ва келгусида танлаган соҳалари бўйича етук мутахассис бўлишга интиладилар.
Касб-ҳунар мактабида 3 декабрь - Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Меҳр-эътиборга муҳтож ёшларга меҳр улашиш олийжаноб фазилат!” шиори доирасида маънавий-маърифий байрам тадбири ташкил этилди.
Маънавий-маърифий тадбирда вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи А.Насимов, туман ҳокимининг ўринбосари Д.Азизова, ёшлар иттифоқи, ёшлар агентлиги, Гулобод тонги газетаси ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилот ва идора вакиллари иштирок этдилар. Байрам тадбири самимий мулоқотдан сўнг, ёшликни тараннум этувчи куй - қўшиқларга уланиб кетди.
Ж.ХАЛИЛОВ,
Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактабининг ёшлар билан ишлаш бўйича директор ўринбосари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.