Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолати қандай аниқланади?

Қайси ҳолатларда ҳайдовчини маст ҳолда эканлигини текшириш мумкин?
● ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келса;
● ҳайдовчи бир ҳолатда тўғри тура олмаса (чайқалиб туриши);
● ҳайдовчининг нутқи бузилса;
● ҳайдовчи қўл бармоқлари қалтираса;
● ҳайдовчи юз териси ранги сезиларли ўзгарган бўлса.


Алкоголдан мастлик ҳолати қандай аниқланади?
Бу 2 хил усулда амалга оширилади:
➖ махсус техник восита – алкотестер ёрдамида;
➖ туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида тиббий текширувдан ўтказиш орқали.

Қачон алкотестер, қачон тиббий текширув қўлланилади?
Ҳайдовчиларнинг алкоголли ичимликлар таъсиридан маст ҳолатда эканлигини аниқлаш алкотестер ёрдамида қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади.
Ҳайдовчи алкотестер ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортган ёхуд унда алкотестер орқали текширув натижаларига эътироз мавжуд бўлган ҳолларда ҳайдовчи тиббий текширувдан ўтказилади.

Мастлик ҳолатини текширишда холислар бўлиши керакми?
Ҳа, камида 2 нафар холис бўлиши шарт. Агар, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими кузатув камераси (body camera)дан фойдаланган ҳолда текширувни ўтказган бўлса, холис бўлиши шарт эмас.

Текширувдан ўтишдан бўйин товласа нима бўлади?
Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва 3 млн 675 минг сўм миқдорида жаримага тортилади (https://lex.uz/docs/97664).
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилса, 7 млн 350 минг сўм миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.

Велосипед ҳайдовчиси ҳам мастлик бўйича текширилиши мумкинми?
Албатта, текширишдан бўйин товлаган тақдирда, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 735 минг сўм миқдорда жарима қўлланилади.

Алкотестер алкоголдан мастлик ҳолатини аниқламаса, бироқ ҳайдовчида ўзгача тарздаги мастлик белгилари мавжуд бўлса нима бўлади?
Ушбу ҳолатда шахс тиббий текширувга олиб борилади.
Ҳайдовчи наркологик диспансерларда наркологлар томонидан ёки туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида махсус тайёргарликдан ўтган шифокорлар томонидан текширилади.

Тиббий текширув қанча вақт ичида ўтказилади?
Транспорт воситаси ҳайдовчиси тўхтатилган (йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган) пайтдан бошлаб узоғи билан 1 соат ичида тиббий текширувдан ўтказилади.

Шахс қачон алкоголь маҳсулот таъсирида маст бўлган деб топилади?
➖ ҳайдовчи томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда (алкотестер ёрдамида аниқланади);
➖ алкоголь маҳсулотининг қондаги концентрацияси 0,3 промилле ва ундан ортиқ бўлганда (тиббиёт муассасасида аниқланади).


Тиббий текширув хулосасига нисбатан эътирозлар мавжуд бўлса-чи?
Бундай ҳолда ҳайдовчи бошқа тиббиёт муассасасида қайта тиббий текширувдан ўтказилишини талаб қилишга ҳақли.
Қайта тиббий текширувдан ўтказиш мастлик аломатлари аниқланган ёки йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган вақтдан эътиборан 2 соат ичида бошқа яқин масофада жойлашган тиббиёт муассасасида амалга оширилади.


Мастлик ҳолати тасдиқланганда қандай жавобгарлик чораси қўлланилади?
Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача бўлган муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва 6 млн 125 минг сўм миқдорида жаримага тортилади.


Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилса, 9 млн 800 минг сўм миқдорида жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади.


Дата добавления: 09/08/2021 13:54;   Просмотров: 1491
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку