Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Давлат хавфсизлик хизмати ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб, юртимизнинг ҳар бир гўшасида мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақаси ўтказилади.
Самарқандда шу йилнинг 5 апрелидан бошлаб Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақасига старт берилмоқда.
Вилоятда ДХХ кубоги мусобақасининг шаҳар ва туманлар босқичлари жорий йилнинг 5-апрелдан 15-апрелга қадар ўтказилади. Вилоятдаги 1126 та МФЙдаги 16-30 ёш оралиғидаги ёшлардан иборат 10510 та жамоа гуруҳларга бўлинган ҳолда майдонда туп суришади.
Дастлаб, шаҳар ва туманларнинг 4 та сектор худудлари кесимида ҳар бир маҳалла ёшларидан ташкил топган жамоалар ғолиблик учун курашиб, сўнг ҳудудлараро баҳсларда куч синашади. Мусобақа туман, вилоят ва республика босқичларига қадар давом этади.
Мусобақани ўтказишдан мақсад уюшмаган, кам таъминланган, мехрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва хорижий мамлакатларда ишлаб келиб, ҳозирги кунда ишсиз бўлган ёшлар ҳамда имконияти чекланган фуқаролар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдан иборат. Шунингдек, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишига жалб қилиш, мини-футбол, футбол ва шахмат спорт турларини ёшлар орасида оммалаштириш, улар орасида иқтидорли спортчиларни аниқлашдир.
Мусобақаларнинг биринчи босқичи жорий йилнинг апрель-май, иккинчи босқичи июнь-июль ойларида ҳамда учинчи финал босиқичи август ойида ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, вилоят босқичида 1-ўринни эгаллаган жамоалар тегишли ўринни тасдиқловчи кубок, диплом, спорт медаллари, бадиий китоб ва маиший техникалар билан тақдирланади ҳамда ғолиб жамоа махалласига “Workout” майдончалари қуриб берилади, ваучер “сертификат” республика босқичининг тақдирлаш маросимида топширилади.
ДХХ кубогида ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдонлари, 2-ўринга универсал спорт майдони (баскетбол ва волейбол уйинлари учун мўлжалланган) ва 3-ўринларни эгаллаган жамоалар маҳалласига “Стритбол” (бир саватли кўча баскетболи) спорт майдонларини қуриб берилиши, шунингдек совриндор бўлган (1, 2, З-ўринни эгаллаган) жамоаларни бир ҳафтага Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги Ўзбекистан Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши таъсисчилигидаги “Шафран” тоғ-курорт комплексида дам олишлари ташкил этилади.
Шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида 2022 йилнинг апрель-май ойларида шахмат-шашка мусобақаси ўтказилади.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.