Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДХХ ҳудудларда ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларининг олдини олди

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда вилоят қурилиш бош бошқармасининг Давлатобод туман бўлими мутахассиси тадбиркорга мансабдор танишлари орқали мазкур туман ҳудудидан 2 гектар ер майдони расмийлаштириб бериш ҳамда у ерга кўп қаватли уй ва ишлаб чиқариш объекти қуришга рухсат олиб бериш эвазига, ундан 200 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бу борада Хизматнинг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказишди. 

Хусусан, Миллий Гвардиянинг Самарқанд вилоят қўриқлаш бошқармаси назоратчиси муқаддам 2 маротаба судланган шахс билан ўзаро тил бириктириб, Самарқанд туманидаги ўзганинг номида бўлган фермер хўжаликнинг 6 гектар ер майдонини 157 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтларида ушланди. 

Шунингдек, Оқдарё туманидаги фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжалик балансидаги 4,8 гектар ер майдонини 45 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 25 минг доллар олган вақтида, Ургут туманидаги фермер хўжалик бошқарувчиси эса 1 гектар ерни харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 20 минг доллар олган вақтида ушланди.

 Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи, якка тартибдаги тадбиркор ўзининг ўғли номида бўлган фермер хўжаликнинг 7,4 гектар ер майдонини ҳокимият идораларидаги мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, эвазига 84 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

 Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда эса Бектемир туманидаги боғдорчилик-узумчилик ширкати аъзоси бўлган фуқаро ушбу ширкат ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 17.600 АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

 Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги деҳқон хўжалиги раҳбари мазкур хўжалик балансида бўлган 40 сотих суғориладиган ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК департаментининг вилоят бошқармалари ходимлари томонидан ушланди.

 Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Дата добавления: 01/03/2022 11:07;   Просмотров: 748
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку