Мамлакат ва жамият тараққиёти ҳамда унинг барқарорлигида давлат рамзларининг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлат ва жамият ҳаёти, унинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади.
Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ҳисобланган. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватаннинг ёрқин тимсолидир. Ўзбекистонимиз истиқлолга эришгач, энг аввало, давлатимиз рамзлари тасдиқланди. 1991 йил 18 ноябрь халқимиз ёдида ўчмас ва қутлуғ саналардан бири бўлиб қолди. Шу куни "Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг 2- ва 3-моддаларида байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлиши белгилаб қўйилди. Таъкидлаш лозимки, байроғимиз республикамиз дунёда халқаро ҳамжамиятнинг тенглар ичра тенг аъзоси эканлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ҳамда асло кам бўлмаслигимизни яққол намоён этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, байроғимизни эъзозлаш фуқароларда ўзининг қадр-қимматига, ўз мамлакатига ва шахсига бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Бугун миллий байроғимиз давлат идора ҳамда муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналари, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирлар, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда.
Давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли сифатида доимо баланд ҳилпирайверсин.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.