ИЛМ ДУНЁНИ АНГЛАТУВЧИ КУЧДИР
икки ярим минг йиллик давлатчилик ва шаҳарсозлигимиз бор
Самарқанд азалдан илм-фан ва маданият маркази, улуғ алломалар макон топган шаҳардир. Дунё аҳли бу муаззам шаҳарни бир бор кўришни, келиб яшашни, илм олишни орзу қиладилар.Ер сайёрасидаги қадимий шаҳарлар орасида Самарқанднинг алоҳида ўрни бор. Искандари замон, Спитамен шоҳ интилган қадимий кент бу, Афросиёб бағрида уч минг йиллик тарих яширин бу илоҳий шаҳар ҳақида муаррихлар ажойиб ривоятларни битганлар.
Мотуридия таълимоти ислом дунёсида бемисл катта илм, бу таълимотнинг негизида соф ислом ақидасини ўрганиш, Қуръон моҳиятини англаш ётибди. Хожа Юсуф Ҳамадоний Х аср ўрталарида Самарқандга келиб тўрт авлиё - пирни тарбиялаб етиштирди. Шу тариқа хожагоний тариқати юзага келди. XII аср ўрталарида Фарғона музофотидан Имом Бурҳониддин Марғиноний Самарқандга келиб таълим олди. Ислом фиқхшунослигига оид "Ал-Ҳидоя" асарини яратди. "Ал-Ҳидоя" асари Имом Бухорийнинг "Саҳиҳи Бухорий" китобидан кейин энг кўп шарҳ ёзилган асардир.
Темурийлар Уйғониш даври қадим Шарқ илмини, Шарқ алломаларини дунёга ёйди. Бу даврда илм-фан, маданият мисли кўрилмаган даражада ривожланди. Самарқанднинг бунёдкори соҳибқирон Амир Темурдир, бу буюк зот Эрон, Ҳиндистон, Кичик Осиё ва бошқа қадимий шаҳарлардан энг истеъдодли илм соҳибларини, ҳунарманд, меъмор, мусаввир, кошинкорларни Самарқандга олиб келиб, меъморий обидалар қурди.Ислом меъморчилиги асосида жилолари ислимий нақшлар билан безатилган мадраса, минора, масжидлар барпо этди.Шаҳарсозлик анъаналарини Мирзо Улуғбек давом эттирди. Улуғбек Самарқанд тахтида қирқ йил ўтирди - қирқ йил подшо бўлди. Бу даврда Самарқанд Ер юзига танилди. Шарафиддин Али Яздий, Низомидин Шомий, Қозизода Румий, Ҳофизу Абрў, Ғиёсиддин Коший, Жамшид Коший, Али Қушчи сингари ноёб истеъдод эгалари Самарқанд осмонида илм юлдузи бўлиб порлади. Мирзо Улуғбек илм аҳлига ҳомийлик қилди, толиби илм аҳли учун мадрасалар қурди. Мирзо Улуғбек мадрасасида мударрис Қозизода Румий, Абу Лайс Самарқандий, Жамшид Коший сингари математика, астрономия, тарих, география, ҳандаса каби фанлар соҳиблари талабаларга сабоқ берди. Улуғбек расадхонасида осмон илмига оид бемисл кашфиётлар яратилди. Мирзо Улуғбек "Зижи жадиди Кўрагоний" асарини яратиб, осмондаги 1018 та юлдуз ўрни ва ҳолатини ўрганди ва аниқлади.
Қозизода Румий (1364-1437) ва Ғиёсиддин Коший Мирзо Улуғбекнинг устозлари, бу зотларни Рум ва Эроннинг Кошон шаҳридан Самарқандга таклиф қилганлар. Қозизода Румий расадхона қурилишида бош муҳандис бўлди.
Самарқанд давлат университети тадқиқотчи олимлари Улуғбек расадхонаси ҳақида янги маълумотларни ҳам ўрганишмоқда. Тарихий манбаларга кўра, рус археологи А. Вяткин расадхона ўрнини қазишма ишлари олиб бориб 1908 йилда аниқлаган. Дастлаб, йўқ бўлиб кетган расадхона ўрнини топиш анча қийин кечган. Археолог олим А.Вяткин самарқандлик Али Махсум деган илмли, араб ва форсий тилларни яхши биладиган киши билан Тошкентга боришади. Эски шаҳарда бир ҳовлига кирадилар, ҳовлида Самарқанддан кўчиб борган аёл истиқомат қилган. Кутилмаганда девордаги токчада саҳифалари сарғайган бир дафтарни кўриб қолишади. Дафтарни очиб ўқисалар, Самарқанд, Оби Раҳмат ариғи ва сувнинг нарироғида бир тепалик бўлгани, тепаликда деворлари нураган, эски пишиқ ғиштлари қолган астрономик қурилма бўлгани, тунлари бу баланд жойда олимлар келиши каби ёзувларни ўқиб тилло топгандек қувонишади. Шу тариқа А.Вяткин Оби раҳмат ариғига яқин жойдаги тепаликда қазишма ишларини олиб бориб, Улуғбек обсерваторияси ўрнини аниқлайди. Обсерватория 1914 йилда қисман тикланиб, аввалги кўринишига келтирилади.
Шунингдек, ҳозирда Самарқанд давлат университети тарихчи олимлари расадхона майдони ўрни қандай танлангани тўғрисидаги қадимий манбаларни ҳам ўрганишди. Самарқанд атрофи тоғ ва сув-анҳорлардан, боғ-роғлардан иборатлиги боис бошқа ҳудудларга нисбатан мўътадил иқлимга эга. Аммо Кўҳак тепалигига яқин ушбу баланд жой Самарқанднинг бошқа жойларига нисбатан ҳам ёзда 6 градусга фарқи борлиги, нисбатан салқин ҳаво расадхона жиҳозларига, секстанталарга таъсири камлиги учун танланганлиги маълум бўлди.
Мирзо Улуғбек улуғ иқтидор эгаси, у Самарқандга олимларни йиғди. Бошқарувчи бош меъмор аввало бобоси Амир Темур, улуғ Темурнинг илм-маърифати, бемисл илм-заковати ва бунёдкорлик ишларини давом эттирган Мирзо Улуғбекнинг ўзлари, ул зотнинг илми, илмга муҳаббатидир.
- Олти асрдан ошди Регистондаги бунёдкорлик мўъжизасига, дунё аҳли ҳануз Самарқандга ошиқади, - дейди архитектура фанлари доктори, профессор Ахтам Уралов. - Улуғбек ҳазратлари 1417 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси қурилишини бошлади ва 1420 йилда ниҳоясига етказди . Мадраса маҳобатли, муҳташам, кошинлари бетакрор. Бу Мадрасаи олия - олий илм даргоҳи, бошқа мадрасалардан фарқи ҳам шунда. Катта гумбази яхлит бир санъат асари, иккита минора муқарнас санъати, симметрик усулда қурилган. Улуғбек даврида шаҳарсозлик беқиёс даражада ривожланган давр бўлган. Самарқандда кўп мадрасалар бўлган, аммо Улуғбек мадрасаси энг улуғи, энг катта илм маркази бўлган.
ЎзФА Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган қадимий манбаларга кўра, Мирзо Улуғбек мадрасаси 1420 йилнинг 21 сентябрида очилган, бош мударрис Қозизода Румий. Мадрасада 70 та фан ўқитилган. (илгари ўқув йили 21 сентябрдан 22 мартгача бўлган). Мирзо Улуғбекнинг ўлимидан сўнг, унинг ишларини шогирди Али Қушчи давом эттирди. 1472 йилда Али Қушчи Туркияга кетганида ўзи билан Мирзо Улуғбекнинг китобларини, хусусан "Зижи жадиди Кўрагоний"ни ҳам олиб кетади.
"Зижи жадиди Кўрагоний" асари Англиянинг Оксфорд университетида 200 йилдан бери дарслик сифатида ўқитилади.
Самарқанддаги Мирзо Улуғбек расадхонаси дунёдаги энг катта обсерватория, унда олти аср аввал 1018 юлдузнинг ўрни ва ҳолати ўрганилиб, аниқ маълумотлар берилган. Ҳозирги илм-фан ва технология ривожланган даврда Улуғбек аниқлаган рақамлар атиги саккиз сония билан фарқ қилади.
Бобурийлар Самарқандга, Улуғбек расадхонасига қизиқиши ва ихлоси баландлиги боис Самарқандга келиб, расадхона қурилиши ва астрономия илмини, осмон жисмларини кузатадиган асбобларни ўрганди, Ҳиндистоннинг Жайпур шаҳрида Бобурий Муҳаммад Шоҳ обсерватория қурди. Ҳозирда ушбу обсерватория Ҳиндистон ва Покистоннинг астрономик илм маркази ҳисобланади.
2009 йил ЮНЕСКО томонидан жаҳонда Астрономия йили деб эълон қилинди. Шу йили Мирзо Улуғбекнинг 615 йиллиги ҳам нишонланди. Олимлар осмондаги Катта айиқ юлдузлар туркуми, Кичик айиқ юлдузлар туркуми ( бу юлдузлар халқимиз тилида "Чўмич", "Етти қароқчи" деб ҳам юритилади) ўрганилгани таъкидланди. Янги тадқиқотларга кўра, Птолемей 1022 та юлдузнинг ҳолатини ўрганган.Унинг хатосини ўз даврида Али Қушчи топганини аниқлашди. Секстанта ( айлананинг олтидан бир қисми) лар вақти Птолемейда аниқ бўлмаган.
-1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги байрамига бағишланган халқаро конференцияда Эрондан ташриф буюрган тарихчи олим Муҳаммад Боқирий XV асрда Жамшид Кошийнинг отасига ёзган хати қадимий нодир манбалар орасидан топганини ва мактуб (нодир топилма)ни иштирокчилар ҳукмига ҳавола этди, - дейди ЎзФА Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев. - Сарғайган қоғоздаги ёзув барчани ҳайратга солди. "Бу ерда - Мирзо Улуғбек мадрасасида бериладиган илм дунёнинг бошқа бирор жойида йўқ", деб ёзилган экан.
Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий Самарқандда Мирзо Улуғбек мадрасасида таҳсил олди, Хожа Аҳрор Валийдан Нақшбандия таълимотини ўргандилар. Ҳиротнинг бу икки улуғ шоири Хожа Аҳрорни маънавий пири деб ардоқладилар. Ҳиротда Камолиддин Беҳзод Шарқнинг нодир мусаввири бўлиб танилди, ул зотнинг миниатюра санъати асарлари дунё бўйлаб сочилди.
Шунинг учун ҳам Самарқандни "...сайқали рўйи замин аст ", деб таърифлайдилар.
Фарҳод АҲМЕДЖОНОВ,
Турон Фанлар академияси
Самарқанд минтақавий бўлими раҳбари.
Убай ҚОДИРХОН,
журналист, Турон Фанлар
академиясининг академиги.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.