Жорий йилнинг 15 мартидан бошлаб Тожикистон-Ўзбекистон давлат чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти одатдаги иш режимига ўтказилади, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Юқумли касалликлар назорати фақат COVID-19 инфекциясига қарши тўлиқ эмланганлик тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш асосида, яъни Тожикистон ҳудудида коронавирус инфекцияси бўйича вирусологик текширувсиз амалга оширилади,
«Ховар» Тожикистон Миллий ахборот агентлиги тарқатган хабарда қайд этилишича, ушбу қарор мамлакатда COVID-19 юқумли касаллиги тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика штаби томонидан қабул қилинган.
«Бу қарор Тожикистон Республикасида эпидемиологик вазиятни юмшатиш ҳисобга олинган ҳолда ва мамлакатдаги иқтисодий ҳудудларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, қўшни давлатлар билан иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида қабул қилинди», деб ёзади «Ховар». Ушбу ҳужжатга кўра, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш органлари ва муассасалари, шунингдек, МДҲнинг бошқа давлатлари томонидан COVID-19га қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификатлар расман тан олинади.
Аҳоли орасида COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш юзасидан жорий этилган мажбурий тартиб ҳам бекор қилинди.
Қарорга биноан, тўйлар, байрамлар ва бошқа миллий маросимлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкин.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.