саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда
Мамлакатимизда саноат истиқболини белгилаб берадиган соҳаларнинг жадал тараққий топиб бораётгани ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, ички бозорни импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар билан тўлдириш имконини яратаяпти. Зеро, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга татбиқ қилинаётган иқтисодий ислоҳотлар замирида, энг аввало, Ўзбекистонимизнинг саноат салоҳияти, тармоқлар рақобатдошлигини юксалтиришдек улкан мақсадлар мужассам. Буни Самарқанд туманидаги “Стеклопластик” масъулияти чекланган жамияти мисолида кўриш мумкин.
– Юртингизга келиб ушбу корхонага 2006 йили 1S0 9001-2008 Халқаро сифат сертификати берилгани ва шу асосда турли-туман рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганининг гувоҳи бўлдим, – дейди Россия Федерациясидан келган таниқли саноатчи Вадим Козирев. –300 турдаги спорт, тиббиёт, ўқув ва лаборатория жиҳозлари сифат кўрсаткичлари биз, соҳа вакилларига ҳар томонлама ёқди.
Дарҳақиқат, 100 нафарга яқин ишчи, инженер-техник ходимлар меҳнат қилаётган корхонада тайёрланаётган саноат маҳсулотлари хорижлик инвесторлар диққатини ўзига жалб этмоқда. Шу ўрнида “Шуҳрат” медали соҳиби, корхона бош муҳандис-конструктори Абдумалик Абдушукуров ҳақида гапиришни лозим топдик. Корхонадаги барча маҳсулотлар лойиҳаси Абдумаликнинг саъй-ҳаракатлари билан қоғозга туширилади ва ишлаб чиқаришга жорий этилади. Меҳнат фаолияти давомида ўзининг талабчанлиги, янгиликка интилиши, қўйилган вазифаларни ўз вақтида пухта ва мукаммал бажариши билан жамоа ва раҳбарият ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди. Кейинги йилларда унинг бевосита ташаббуси билан корхонада кўплаб янги турдаги инвентарлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Бугунги кунда корхонада 67 турда спорт жиҳозлари, 71 турда тиббиёт анжомлари, мебеллар, 40 турда пластмасса ва 50 турда металлдан тайёрланган маҳсулотлар, шунингдек, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олийгоҳлар учун 100 турдаги мебель ҳамда бошқа халқ хўжалиги маҳсулотлари тайёрланмоқда. 2014-2016 йиллар давомида 39 млрд. 226 млн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, иқтисодий самарадорлик ўртача 109 фоизни ташкл этди. Салмоқли даромадлар эвазига янгидан-янги замонавий техникалар харид қилинди, ишчилар маоши ошириб, уларнинг яхши меҳнат қилишлари, маданий дам олишлари учун зарур шароитлар яратилди. Ҳозир ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 950 минг сўмни ташкил этади. Тушлик учун бепул иссиқ овқат ҳамда ишга келиб-кетишлари учун автобус ташкил этилган.
Абдумалик Абдушукуров томонидан лаборатория ускуналарининг дизайни бўйича 5 турдаги мебеллар тўпламидан рационализаторлик таклифи берилган. Уларга давлат патент идораси томонидан 2014 йилнинг 13 ноябрида 2157-рақамли муаллифлик ҳуқуқини берувчи гувоҳнома олинган. Бевосита А.Абдушукуров ташаббуси билан сўнгги уч йил ичида 15 турдаги импорт ўрнини босадиган, экспортбоп маҳсулотлар, жумладан спорт гимнастикаси бўйича трамплин, гимнастика кўприги ва турниги, аёллар учун паст-баланд, паралел брус, жарроҳлик ва гинеколог столлари, метал жиҳозлар бўйича кийим жавони, лаборатория жиҳозлари бўйича химиявий реактив шкафи, полкали иш столи, ҳаво сўриш камераси, қиёслаш столи, тарози учун стол ва стул мойкалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ҳар йили 2-3 та лойиҳа маҳаллийлаштириш дастурига киритилади. Айни дамда корхона маҳсулотларининг қарийб 60 фоизи маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, 3 та лойиҳа бўйича спорт инвентарлари, тиббиёт анжомлари ва мебеллари, стеклопластикадан тайёрланган маҳсулотлар – сантехника жиҳозлари ишлаб чиқаришга жорий этилган. Ўтган йили дастур доирасида 14,4 млрд. сўмлик товарлар тайёрланиб, даромад солиғига тўланадиган 3,2 млн. сўм маблағ корхона ихтиёрига қолдирилди.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, А.Абдушукуровнинг бевосита иштирокида 2016 йил октябрь ойида “Саломатлик” Давлат дастури доирасида 1.200 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тиббиёт ва лаборатория анжомларини ишлаб чиқариш ҳуқуқи тендер асосида ютиб олинган. Бугунги кунга қадар 650 минг АҚШ доллари миқдорида товар ишлаб чиқарилган. Корхонада 2014-2016 йиллар двомида бир қатор янги технологиялар ва модернизация ишлари олиб борилди, шу жумладан:
– иккита термопласт автомат (пластмасса яшиклари ва тиббиёт кроватлари учун тўсиқлар), битта вакуум остида деталлар ишлаб чиқариш дастгоҳи, учта токар дастгоҳи олиб келиб ишга туширилди. Ушбу дастгоҳлар ва ускуналарни олиш ва ўрнатиш учун корхона томонидан 650 млн. сўм маблағ сарфланди. Ўтган йили эса 125 минг АҚШ долларилик маҳсулот Россия Федерациясига экспорт қилинди. Келгусида Россия Федерацияси, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларига корхонада ишлаб чиқарилаётган спорт ва тиббиёт асбоб-ускуналари экспорт қилиш учун музокаралар олиб борилмоқда.
Хуллас, корхона жамоаси, хусусан, муҳандис-конструктор А.Абдушукуров ана шундай фидойилик билан ишлаб, корхона шуҳратининг ошишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бундайлар бор экан, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши, фуқаролар эса фаровон ҳаёт кечиришига ишонамиз.
Нормамат ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.