Маълумки, ўтган йилнинг 1 январидан “Ягона дарча” марказлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун 16 турдаги рухсатномаларни бошқа идораларга бормасдан расмийлаштириш амалиёти жорий этилди.
Бу эса ўз навбатида сансоларликларнинг олдини олишга, тадбиркорлик субъектларининг вақтлари ва моддий сарф-харажатларини тежашга кўмаклашди. Аммо, аҳоли билан бўлган очиқ мулоқот, тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилаётган учрашувларда лицензия ва рухсатнома бериш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида давлат хизматларини “Ягона дарча” тамойили асосида кўрсатишни самарали ташкил этишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар борлиги аниқланмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатишнинг сифати, эркинлиги ва шаффофлигини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш кафолатини кучайтириш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 1 февралда “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизм-ларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори чиқарилди. Мазкур қарорда кўзда тутилган чора-тадбирлар давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида бюрократик тўсиқлар ва расмиятчиликнинг вужудга келишига йўл қўймаслик, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш орқали хизмат сифати ва эркинлигини тубдан оширишга қаратилган. Қарорга биноан, туман ва шаҳарларда фаолият кўрсатаётган “Ягона дарча” марказлари туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарувига ўтказиш, уларнинг фаолиятини ва бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этишга нисбатан тизимли ёндашувни белгилаш имкониятини беради. Бундан ташқари “Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини сифатли ва самарали кўрсатишга тўсқинлик қиладиган муаммоли масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш учун тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика ва ҳудудий комиссиялар ташкил этиш белгиланган бўлиб, мазкур комиссиялар тизимли равишда, шу жумладан жойларда халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва давлат хизматларининг сифати, эркинлиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган зарур чораларни кўриш билан шуғулланади. Бир сўз билан айтганда, ушбу Қарор ижроси таъминланиши тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишни янги сифат босқичига олиб чиқади ва аҳолининг давлатга нисбатан ишончини оширади. Энг асосийси “Халқ давлат органлари учун эмас, давлат органлари халқ учун хизмат қилишлари керак” деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилади.
Р.РАҲМАТОВ, туман “Ягона дарча” марказининг рўйхатга олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш бўлими бошлиғи
А.ҒАФУРОВ, Марказ мутахассиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.