Туманимиз ғаллакорлари ўтган ҳафта давлат хирмонига режадаги 7 минг 692 тонна ўрнига 7 минг 800 тоннадан
зиёд сара дон арғумон этиб, вилоятимизда етакчилар қатори ғалаба рапортига имзо чекдилар. Улар мавжуд
имкониятларни чамалаб чиқиб, яна давлатга қўшимча 1000 тонна ғалла етиштириб беришга азму қарор қилдилар.
Бир бошоҚ дон – бир сават нон
Бугун ўз донимизга, ўз нонимизга эга бўлишлик истиқлолнинг бизга берган энг улкан ютуқларидан бири сифатида теран мазмун - маъно касб этади. Бўлиқ ва тўлиқ бошоқлар эса киши дилини яйратади!
Дарҳақиқат, бу йил асосий ризқ - рўзимиз ҳисобланган ғалла ҳосили мўл бўлди. Бу эса дастурхонларимиз тўкин - сочинлиги, ҳаётимиз фаровонлиги демакдир. Нон ҳам худди сув каби тириклигимиз манбаи ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам дондан олинадиган маҳсулот нонни дунёнинг энг азиз ва буюк мўъжизаси деб биладиган доно халқимиз ҳар доим бирор нарсага ихлос билан таъриф берса, "нондек азиз", "нондек мўътабар", "нондек муқаддас" дея "нон" сўзини албатта қўшиб айтади. "Ноннинг ушоғи ҳам нон" деб уни кўзларига суртади. Отам раҳматли бизларга ҳар доим болам нонни увол қилиб, ношукурлик қилманглар, очарчилик замонни бизлар кўрдик, сизлар кўрманглар, очликдан тинкаси қуриб, "нон - нон" дея жон берган инсонларга бизлар гувоҳмиз дерди. Аллоҳга беадад шукурки, эндиликда юртимизда ғалла мустақиллиги ҳукмрон. Шу ўринда бениҳоят халқимизнинг атоқли ва суюкли шоири Абдулло Ориповнинг "Ўзбек нони"деган шеъри эсга тушади.
ЎЗБЕК НОНИ
Қайси бир замонда, қайси бир Султон
Топибди ақчани, топибди шонни.
Ва лекин дуч келиб тақдир беомон,
У орзу қилибди бир бурда нонни.
Бир улуғ аллома фикрин айлаб жам,
Сўзимни маталга йўйманглар, дебди.
Токчага бўй чўзсанг, Қуръон турса ҳам,
Нонга сира оёқ қўйманглар, дебди.
Нон ва Ўзбекистон уйқашдир азал,
Бу юртга не эллар нон деб келганлар.
Саргашта қушлар ҳам доим, галма - гал
Бу юртдан ризқини териб еганлар.
Юртим, буюклигинг билди кенг жаҳон,
Тўлди омборларинг ўз донинг билан.
Сийлайсан оламни ёзиб дастурхон,
Меҳнатдан яралган шу нонинг билан.
Сени ушбу кунда қутлайман, юртим,
Ризқингни бут қилди олтин хирмоним.
Ҳар иссиқ нонингни қуёшдай кўрдим,
Дунёга нон берган Ўзбекистоним.
Ер тЎймагунча, эл тЎймас
- Бу мақол беҳудага ишлатилмайди, - дейди туман ҳокими Шуҳрат Жамолов. - Аввало унинг замирида она ерга меҳрини берган ғаллакорларимизнинг заҳматли меҳнати, иқтисодий ислоҳотларни чуқур англаш, соҳада замонавий илғор технологияларни жорий этиш, селекция ва уруғчилик ишларини тўғри йўлга қўйиш, турли тупроқ шароитига мос ғалла навларини оқилона жойлаштириш каби машаққатли саъй - ҳаракатлар мужассам. Қолаверса, муҳтарам Юртбошимиз, ҳуқумат ва вилоят раҳбарияти томонидан белгилаб берилган агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли бажарилиши ҳам кўзланган маррани забт этишда асосий омил бўлди. 374 та фермер хўжаликлари тасарруфидаги мавжуд 3340 гектар ғалла майдонларида юқори ҳосил етиштирилиб, ўрилган майдонлардан олинган ўртача ҳосилдорлик 55-60 центнерга тўғри келмоқда.
Ғалла ўрим - йиғимини уюшқоқлик билан ташкил этиб, давлатга ғалла сотиш режасини 150 - 220 фоизга адо этган "Зарафшон Агро Мева", "Шаҳноза Комила Азизхон", "Файзуллоев Сайфулло", "Пирматов Эшбой ноз - неъматлари", "Абдуманон Янги Нок боғлари", "Саноат Тилавова"сингари илғор фермерларимиз гектаридан то 80 центнергача ҳосил кўтардилар. Албатта, ғалла ўрим - йиғимида жонбозлик кўрсатиб, кечаю - кундуз тиним билмай ишлаётган техника жиловбардорлари, ҳар куни 80 - 100 тоннагача ғалла ўришга эришиб, бошқаларга намуна бўлаётган Али Нурмуҳаммедов, Анвар Юлдошев, Эрмат Шарипов каби моҳир комбайнчиларимиз номини фахр билан тилга оламиз.
Айни пайтда халқимиз ризқ - насибаси бўлган ғаллани тез ва қиска фурсатда йиғиштириб олиш тобора авж паллада.
Хирмон тЎлиб тЎкилди дон
Самарқанд дон қабул қилиш манзилгоҳида мавсум давомида ҳаёт қайнайди. Бу ерда ишлар икки - уч сменалаб ташкил этилган. Чунки, пешма - пеш етказилаётган ғалла ҳосилини хирмонга жойлаш, транспортлар юкини тушириб, тезроқ далага жўнатиш анча меҳнат талаб қилади.
- Бир кеча - кундузда 450 - 500 тонна дон қабул қиламиз, - дейди манзилгоҳ мудири А. Турсунқулов. - Албатта ишчилар учун тўлиқ шарт - шароитлар яратилган. Уларга уч маҳал иссиқ овқат берилади, ювиниш, дам олиш хоналари ишлаб турибди. Мақсадимиз миришкор деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни бирон мисқолини ҳам нест - нобудгарчиликка йўл қўймасдан қабул қилиб олиш. Бу ишларда онлайн оператори Ёрбек Абдуманнов, лаборант Учқун Рустамов, ишчилардан Сарвар Турсунқулов, Мисир Бозоров, Жонибек Раҳматовлар хизматини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу мақола нашрга тайёрланаётган пайтда ғаллакорларимиздан яна бир хушхабар олдик. Улар зиммаларига олган минг тонналик мажбуриятни ҳам шараф билан адо этишибди.
Ҳа, уларни ғалаба билан қутлар эканмиз "Хирмонга барака бободеҳқоним!" деймиз.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
"Гулобод тонги" нинг махсус мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.