Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТЎЛОВ МАДАНИЯТИГА РИОЯ ҚИЛИНСА

ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинган бўлади

Мамлакатимизда юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ таъминотидан дебитор қарздорлиги бир неча миллиард сўмга етгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай вазият юзага келишига, авваламбор, таъминотчи корхоналар томонидан зарур чоралар кўрилмаганлиги оқибатида истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя қилиши етарлича таъминланмагани, энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими яхши жорий этилмагани, идоравий назорат лозим даражада ўрнатилмаганлиги сабаб бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ мамлакатимизда мутлақо янги тузилма – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Ушбу бюронинг туман бўлими бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси А.Элмуратов бизга қуйидагиларни гапириб берди:
– Жамоамиз зиммасига Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, электр, газ узатиш, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида, тўлиқ ундирилиши, истеъмолчилар қарздорлигини камайтирилишига эришиш каби қатор вазифалар юклатилган. Фармон асосида жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб шундай тартиб йўлга қўйилдики, унга мувофиқ, истеъмолчилар - жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10 санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Акс ҳолда улар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий ўзилади. Юридик шахсларга энергия ресурсларини етказиб бериш 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади.
Шуни қайд этиш керакки, бўлим томонидан электр энергиясидан қарздорлиги мавжуд 13 минг 795 та истеъмолчига 22 млрд. 737 млн. 695 минг сўм қарздорликларини ундириш юзасидан талабномалар киритилди. Бу кўрсаткич табиий газ бўйича 15 минг 201 та истеъмолчига 18 млрд. 495 млн. 890 минг сўм қарздорлигини ундириш юзасидан талабномалар киритилган. Бундан ташқари қарздорликларни иш ҳақидан ушлаб қолиш бўйича иш берувчиларга 254 та талабнома юборилди. Қарздор юридик истеъмолчиларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига банд солиниб, тўловларни ундириш юзасидан мажбурий инкасса топшириқномалари ҳам қўйилган.
Июль ойи давомида электр энергиясидан қарздорлиги сабабли ноқонуний тармоққа уланган 293 та истеъмолчи тармоқдан ўчирилди. Табиий газ бўйича 52 та ҳолат аниқлангач, улар ҳам газ тармоғидан узилган. Электр энергиясидан ҳаммаси бўлиб 4 млрд. 868 млн. сўм, табиий газдан эса 1 млрд. 300 млн сўмдан ортиқ маблағлар ундирилди.
–Истеъмолчиларни тармоқдан узиб қўйиш тартиби қандай кечмоқда?
–Бўлим истеъмолчиларни қарзни беш кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади. Ушбу муддат ўтгандан кейин қарзларни мажбурий, шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларни электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш йўли билан ундириш чораларини кўради. 3-4 август кунлари ўтказилган тадбирда 31 та ҳолатда қарздор истеъмолчилар ва энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётганлар аниқланиб, тармоқдан узиб қўйилди. Барчага тармоққа қайта уланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг аҳолига 2 баробар, юридик истеъмолчига 10 баробар тўловлар ундирилиши тушунтирилди. Тадбир асносида тумандаги “Самарқанд-Фрутс” МЧЖга қарашли ишлаб чиқариш корхонасининг 25 млн., “Метин текстилл” МЧЖга қарашли паррандачилик корхонасининг 11,8 млн. қарздорлиги, “Илҳом Назира сервис” корхонасига қарашли умумий овқатланиш шохобчасининг газ ҳисоблагичдаги муҳри бузилганлиги аниқланди. Бундан ташқари фуқаро Наби Қосимовга тегишли ошхонада электр тармоғига ва газ қувурига ноқонуний уланганлиги сабабли “Самарқандтумангаз” корхонасига 20,1 млн. сўм ва электр таъминоти корхонасига 5,8 млн. сўм зарар етказилганлиги учун тармоқдан узилди. Хожа Аҳрор Вали-2 маҳалласи фуқароси Абубакр Ҳалимовга тегишли ошхонада ҳеч қандай ҳужжатларсиз электр ҳисоблагич ўрнатилган. Шунингдек, “Аристон” русумли иситгич мосламаси ҳам ноқонуний равишда уланган. Мазкур маҳалла фуқароси Темур Ишанкуловга тегишли савдо дўконида ҳам ҳеч қандай ҳужжатсиз электр ҳисоблагич ўрнатилган. Ҳатто у “Зарафшон” электр таъминоти корхонаси лаборатория кўригидан ўтказилмаган, истеъмолчи ўртасида эса ҳеч қандай шартнома тузилмагани учун тармоқдан узилди. Тадбир жараёнида 350 млн. сўм миқдорида тўловлар ундирилиши таъминланди.
– Истеъмолчини тармоқдан узиб қўйиш ва такрорий улаш кимнинг ваколатига киради?
– Электр ва газ тармоқларидан узиб қўйиш ҳамда уларни қайта улаш бўлим, авария ҳолатида эса энергия ресурсларини етказиб берувчилар томонидан бўлим хабардор қилинган ҳолда амалга оширилади.
Сўзимнинг якунида фуқароларнинг қуйидагиларга амал қилишларини сўрайман: Айрим шахслар ўзини мажбурий ижро бюроси ва унга қарашли бўлим ходими сифатида таништириб, ишончингизга кириб пулларингизни сохта ҳужжатлар орқали олишларига йўл қўйманг. Ҳузурингизга келган бюро ходими билан фақатгина хизмат гувоҳномасини кўрганингиздан сўнг мулоқотга киришинг. Тўловларни ҳузурингизга келган бюро (бўлим) ходимига бириктирилган терминал орқали амалга оширинг, нақд пул шаклида тўламанг.
Шуларга ва истеъмол қилинган электр энергияси, табиий газ ҳақини тўлашга амал қилсангиз, ҳаётингиз фаровон, оилангиз тинч бўлади.

Суҳбатни газета мухбири
Н.ОЛИМОВ ёзиб олди


Дата добавления: 25/08/2017 14:22;   Просмотров: 1535
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку