Яқинда туман ҳокимлиги мажлислар залида тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамда вилоят Адлия бошқармаси томонидан “Қулай бизнес муҳити - тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишнинг муҳим омили”мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Партия депутатлик гуруҳи вакиллари, вилоят Адлия бошқармаси мутахассислари, тижорат банк-лари, мутасадди ташкилот ва идоралар раҳбарлари, мутахассис ва экспертлар ҳамда фаолятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектлари, фермерлар иштирокида ўтган амалий мулоқотда тадбиркорларнинг салоҳият ва имкониятларини тўла рўёбга чиқариш, уларнинг йўлида ғов бўлаётган бюрократик тўсиқларни бартараф этилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Айтиш жоизки, бугун хусусий сектор нафақат ялпи ички маҳсулотни шакллантиришнинг, балки аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг, фаровонликка эришишнинг муҳим омилига айланди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз томонидан кичик ва ўрта бизнес вакиллари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳага бўлган энг юқори даражадаги эътибор, имтиёз ва преференция-ларни янада кенгайтириш, хусусий мулкнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган самарали чора-тадбирлар туфайли хусусий секторнинг мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни ва роли мунтазам ўсиб бормоқда.
Зеро, Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг вазифаси сифатида улар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилига сўзсиз амал қилиши қатъий белгилаб қўйилганлиги, бугун жойларда тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш, уларга мавжуд муаммоларини ечишда амалий ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик ташаббусларини қуллаб-қувватлашда яққол кўзга ташланмоқда. Лекин, шунга қарамай, айрим тадбиркорлик субъектлари фаолияти вақтинча тўхтаб қоляпти ёки тугатилмоқда.
Амалий мулоқотда тадбиркорликка хизмат қилувчи бозор иқтисодиёти инфратузилмаси ҳисобланган - тижорат банклари, консалтинг, маркетинг, инжиниринг, лизинг ва суғурта ташкилотлари, мутасадди маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иштирокида ҳудуддаги кичик тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятини тугатиш ва тўхтатганлик сабаблари муҳокама этилиб, улар муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Давра суҳбати давомида ўз фаолиятида турли қийинчиликларга дуч келаётган тадбиркорлар томонидан кўтарилган масалаларга мутасадди ташкилот ва идоралар вакиллари атрофлича тушунтириш бердилар.
Тошпўлат ЮСУПОВ
Бекзод ҚОДИРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.