ёхуд якка тартибдаги тадбиркорларга енгиллик
Якка тартибдаги тадбиркор - тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда, мустақил равишда, ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширувчи жисмоний шахсдир.
Якка тартибдаги тадбиркор амалдаги қонунчиликка асосан қатъий белгиланган солиқ тўловини амалга оширади.
Қатъий белгиланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг календарь ойида ишлаган кунлари сонидан қатъи назар, солиқ солинадиган база ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда аниқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг2018 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида" ги ПҚ-4086-сонли қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб, 100 млн.сўмгача товар айланмасини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун амалдаги қатъий солиқ ставкаси 20-35 фоизгача камайтирилган ҳолда қатъий суммаларда қатъий белгиланган солиқ жорий этилди.
Масалан, туманда чакана савдо фаолиятини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор 2018 йилда ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 2,5 баравари миқдорида, яъни 430600.сўм қатъий белгиланган солиқ тўловини амалга ошириб келаётган бўлса, 2019 йилдан бошлаб, ҳар ойда 300 минг.сўм миқдорида (31 фоизга камайган) қатъий суммада қатъий солиқ тўловини амалга ошириши белгиланмоқда.
Ўз маҳсулотини ишлаб чикариш ва сотиш, шунингдек бошқа фаолият турлари билан шуғулланиш 2018 йилда ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 0,5 баравари миқдорида, яъни 86120.сўм қатъий белгиланган солиқ тўловини амалга ошириб келаётган бўлса, 2019 йилдан бошлаб ҳар ойда 50 минг.сўм миқдорида (28 фоизга камайган) қатъий суммада қатъий солиқ тўловини амалга ошириши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, жорий йил 1 январдан бошлаб:
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошган, бироқ бир миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини 4 фоиз ставкада тўлашга ўтказилади;
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 100 миллион сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби сақлаб қолинади;
календарь йилида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни юридик шахслар учун назарда тутилган тартибда тўлайди;
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига 2019 йил 1 февралга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушумни ҳисоблаш ва солиқлар тўлаш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини амалга ошириш доирасида қуйидаги солиқ ва тўловларни ҳам тўлайдилар: 1) божхона тўловлари; 2) ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар ва махсус тўловлар; 3) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ - сув ресурсларидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда; 4) акциз солиғи - акциз тўланадиган маҳсулот ишлаб чиқарилганда; 5) ягона ижтимоий тўлов.
Фаолиятнинг бир неча тури билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар қатъий белгиланган солиқни фаолиятнинг ҳар бир тури учун мазкур турдаги фаолиятга нисбатан белгиланган ставкалар (сумма) бўйича алоҳида-алоҳида тўлайдилар.
Президентимиз томонидан қабул қилган қарор доирасида солиқ ставкаларининг пасайтирилиши яна бир бор мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва аҳолимиз учун янги иш ўринлари яратилишида имконият яратиб беришидан далолатдир.
Туман давлат солиқ инспекцияси ҳамда Солиқ-сервис ДУК корхонаси туман бўлими томонидан туманимиз аҳолисига ҳамда тадбиркорларга солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар юзасидан доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
С.НарзиҚулов,
туман ДСИ бошлиғининг ўринбосари
Р.ЖЎраев,
Солиқ - сервис ДУК туман бўлими ходими
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.