Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СОЛИҚ ТУРИ КАМАЙТИРИЛДИ

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси 21 бўлим, 71 боб ва 480 моддадан иборат бўлиб, унда солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштириш назарда тутилган. Солиқ кодекси Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки таклифлари ҳамда Россия, Қозоғистон, Беларусь, Италия, Германия, АҚШ, Хитой каби хорижий мамлакатлар тажрибалари асосида ишлаб чиқилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, солиқ назорати механизмларини такомиллаштириш назарда тутилган.
Солиқ кодексининг янги таҳририда солиқлар ва йиғимларнинг сони, турлари, шунингдек, алоҳида солиқ режимлари оптималлаштирган бўлиб, амалдаги 13 та солиқ тури 9 тага камайтирилган.
Кодексда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш орқали солиқ назоратининг шакллари ва механизмлари такомиллаштирилиши режалаштирилган бўлиб, бундай чоралар инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш, шунингдек, ноқонуний фаолият юритаётган субъектларни аниқлашда муҳим омил бўлади.
Кодексда солиқларни тўлашдан тўлиқ озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари фақат Солиқ кодекси билан тақдим этилиши белгиланди.
Солиқ қарзи ундирувини таъминлашнинг амалдаги механизми сақлаб қолингани ҳолда (талабнома юбориш, инкассо топшириқномаси қўйиш ва ундирувни қарздорнинг мулкига қаратиш), солиқ қарзини дебиторлар маблағлари ҳисобидан ундириш механизмидан воз кечилган.
Шунингдек, солиқ тўловчининг мулкини суд қарори бўйича, лекин солиқ тўловчи томонидан солиқ қарздорлиги тан олинганда - солиқ органининг қарори бўйича хатлаш механизмини жорий этиш, солиқ қарзини хўжалик субъектларининг мол-мулки ҳисобидан улар томонидан қарздорлик тан олинганда солиқ органи томонидан ундириш, лекин рози бўлмаганида суд қарори асосида қарор қабул қилиш ҳуқуқини бериш, солиқ тўловчининг мулкини бегоналаштиришга тақиқ қўйиш механизмларини жорий этиш, ортиқча тўланган солиқ суммалари ўз вақтида қайтарилмаганлиги ёки солиқ суммалари сўзсиз тартибда асоссиз ундирилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш йўли билан солиқ органларининг жавобгарлигини кучайтириш белгиланган.
Янги таҳрирдаги кодексида Солиқ кодексининг амалдаги тузилмаси сақлаб қолинган ҳолда уни умумий қисмга (солиқ маъмуриятчилиги масалалари) ва махсус қисмга (солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг асосий қоидалари) бўлиниши кўзда тутилган.
Умумий қисмда, жумладан, қуйидагилар назарда тутилган: солиқ солишга оид халқаро шартномаларни қўллаш тартиби иқтисодиётни фаол ривожлантиришнинг бугунги кундаги ҳолати ва талабларидан келиб чиққан ҳолда тубдан такомиллаштирилган ҳамда, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари принциплари қайд этилгани ҳолда, қонун ҳужжатларида бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршилик ва ноаниқликларнинг солиқ тўловчи фойдасига ҳал этилиши ҳам кўрсатилган.
У ёки бу солиқ тўғри ҳисобланганлигини тасдиқлаш учун зарур ҳужжатларни солиқ тўловчидан талаб қилиш, шунингдек, камерал текширув ўтказиш жараёнида солиқ тўловчи томонидан аввал тақдим этилган ахборотни тасдиқлаш учун сайёр текширувларни (омборхонани текшириш, ходимлар хронометражи) таклиф қилиш ҳуқуқини солиқ органи мансабдор шахсига бериш ҳам назарда тутилган.
Бундан ташқари, солиқ бўйича низоларни судгача ҳал этиш тартиби очиб берилган бўлиб, солиқ билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик турига қараб жавобгарлик чоралари кўрилган, солиқ органлари жавобгарлиги кучайтирилган.
Махсус қисмдаги киритилаётган қўшимчалар солиқларни ҳисоблаш механизмларини ва тўлаш тартибларини такомиллаштиришни, шунингдек, солиққа тортишнинг барча элементларини аниқлаштириш ва тартибга солишни белгилайди. Махсус қисмда қўшилган қиймат солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланма маблағдан тушадиган солиқ, юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган фойда солиғи, улардан олинадиган ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ер қаъридан фойдаланишга оид солиққа оид нормалар, шунингдек, уларни ҳисоблаш тартиби ва тўлаш муддатлари белгиланган.
Бир сўз билан айтганда Кодекснинг қабул қилиниши солиқ қонунчилик нормаларини қўллашни соддалаштириб, зиддиятлар ва тафовутларни бартараф этиб, инсофли солиқ тўловчилар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиради.

К. ТУХТАЕВ,
Тайлоқ туманлараро иқтисодий судининг раиси


Дата добавления: 12/02/2020 15:52;   Просмотров: 828
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку