Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НАЙЗАТЕПАЛИК ТАДБИРКОР

Найзатепалик Муҳсин Исломовни маҳалладаги ёшу-қари бирдек “асалчи бобо” дея ҳурмат қилади. Асли касби технолог бўлган бу хусусий тадбиркор ўқишни тугатгач, 16 йил Жомбой гўшт комбинатида ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритди. Ота касбига бўлган муҳаббати уни мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ оилавий асаларичилик билан шуғулланишга ундайди. Соҳанинг ўзига хос инжиқликлари-ю машаққатли меҳнатларидан чўчимай, фақат олдинга интилган отахон мана бугун яқинлари ардоғида.

— Шу кунларга етказганига шукур, — дейди Муҳсин Исломов. — Дастлаб ишни 1 дона асалари оиласини боқишдан бошлаган бўлсак, ҳозир уларнинг сони 130 оилага етди. Қишда улар ҳам тин олади. Бу вақтда асалариларни қўлда парваришлаймиз. Ўғлим Меҳрожжон ва қизларим Умидахон ҳамда Нилуфаройлар бу ишда менга кўмаклашади. Улар асаларилар хоналари тозалиги, озуқаларига жиддий эътибор бериб парваришлашади. Эрта баҳордан Ўсмат тоғи ён бағирларига жойлаштирамиз. Какра, бўта-кўз, янтоқ гулларидан тайёрланган асал шифобахшлиги билан алоҳида ажралиб туради. Табиий гиёҳлардан ҳосил бўлган баҳорги асал кўпгина дардларга даво бўлишини тиббиёт ҳам тасдиқлаб турибди. Август ойида тайёрланадиган асал эса асосан ғўза гулидан етиштирилади. Тайёр маҳсулотни ички бозорларимизга чиқарамиз. Унинг савдоси билан эса турмуш ўртоғим Умарохон шуғулланади. Хуллас, оилада ҳамма иш билан банд. “Меҳнатдан келса бойлик — турмуш бўлар чиройлик” деганларидек, мана тадбиркорлик орқали топган даромаддан уй қурдик, тўйлар қилдик, машиналар олдик. Рўзғоримиз бут. Буларнинг барчасига истиқлол туфайли эришдик.

Эркин ЮСУПОВ


Дата добавления: 10/02/2017 16:11;   Просмотров: 1850
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку