Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 70-моддасига мувофиқ камерал назорат, солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботини, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органидаги мавжуд бошқа ҳужжатларни (маълумотларни) ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида солиқ тўловчининг ҳузурига бормаган ҳолда амалга оширилади.
Солиқ тўловчиларнинг фаолиятини камерал назоратдан ўтказишдан асосий мақсад солиқ тўловчилар томонидан солиқ қонунчилиги талабларини бузилишига йўл қўймаслик ва келгусида уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган маъмурий, жиноий ва молиявий жазо чораларининг олдини олиш хамда солиқ тўловчилар томонидан давлат бюджети ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тушишини таъминлашдан иборат.
“Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ, солиқ ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ва солиқлар бўйича ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда давлат солиқ хизмати органларига кўмаклашувчи давлатнинг бошқа бошқарув органлари, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, статистика, молия органлари ва бошқа ташкилотлар маълумотларидан белгиланган тартибда фойдаланилиши кўзда тутилган.
Солиқ тўловчиларнинг фаолиятини камерал назоратдан ўтказишда Давлат солиқ хизмати органларида ички ва ташқи манба маълумотлари ҳисобига солиқ тўловчиларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар базаси шакллантирилади.
Ички манбалар бўйича маълумотлар базаси солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига тақдим этган молиявий ва солиқ ҳисоботлари, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича амалга оширган ўзаро ҳисоб-китоблари ҳамда давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган бошқа маълумотлар асосида шаклланади. Ташқи манба маълумотлар базаси Солиқ кодексининг 84-моддасига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1843-сонли қарорининг 3-бандига асосан, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари юзага келганлиги тўғрисида ахборот тақдим этадиган органлар ва ташкилотлар томонидан белгиланган муддатда давлат солиқ хизмати органларига тақдим қилинадиган маълумотлар асосида шаклланади:
Солиқ тўловчилар тўғрисида юқорида қайд этилган ички ва ташқи маълумотлар асосида камерал назоратдан ўтказиш жараёнида солиқ ҳисоботини тўлдиришда хатоликларга йўл қўйилганлиги ёки тақдим этилган солиқ ҳисоботидаги ва давлат солиқ хизмати органидаги маълумотлар ўртасида зиддиятлар борлиги аниқланган тақдирда, солиқ тўловчига тегишли тузатишлар киритиш талаб қилинган ҳолда ёзма талабнома берилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 70-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ солиқ тўловчи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш учун назарда тутилган тартибда тегишли солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича тузатилган солиқ ҳисоботини ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосини талабнома олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда тақдим этиши шарт.
Туман солиқ инспекцияси томонидан солиқ қонунбузилиши олдини олиш ҳуқуқбузарликни камайтириш борасида йил давомида ўтказилган семинар йиғилишларда солиқ туловчиларга солиқ қонунчилигига доир масалалар юзасидан ўзгаришлар бўйича тушунтиришлар бериб борилишига қарамасдан, айрим солиқ тўловчилар ва мансабдор шахслар томонидан ҳанузгача солиқ ҳисоботларини тўлдириш ва солиқларни ҳисоблашда хато-камчиликларга йўл қуйилмокда. Самарқанд тумани Давлат солиқ инспекцияси томонидан ўзларига юклатилган вазифаларни бажарилиши юзасидан жорий йилнинг 9 ойи давомида ўтказилган камерал назорат натижасида 760 солиқ тўловчиларнинг тақдим қилган ҳисоботларидаги камчиликлар мавжудлиги аниқланиб белгиланган тартибда езма талабномалар солиқ тўловчиларга тақдим қилинди.Ўтказилган камерал назорат натижасида бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга 1 670.0 млн сўмлик қўшимча солиқлар ва тўловлар ҳисобланишига эришилди ҳамда 1 191.2 млн сўми ундирилди. Бундан ташқари ўтказилган камерал назорат натижасида хато–камчиликка йўл қўйган 489 та субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекс талаблари асосида баённомалар расмийлаштирилди.
З.ҲамроҚулов,
туман ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари
Ф.Низомов, ДСИ ходими
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.