Президент Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда инновацион ва индустриал ривожланиш жараёнида инвестиция беқиёс ўрин эгаллаётганлигини айтиб, 2019 йилни "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили", деб эълон қилганлиги муносабати билан туман ҳокимининг ўринбосари Баҳриёр Рофиевга мухбиримиз Р.Наимов учрашиб, иқтисодиётимизнинг муҳим шарти бўлган фаол инвестиция сиёсатини изчил жорий этиш масалалари борасида мулоқот уюштирди. Қуйида ана шу мулоқот тафсилоти билан танишамиз.
Рофиев Баҳриёр Давронович 1982 йилда Самарқанд туманида туғилган. Маълумоти олий, магистрант, мутахассислиги иқтисодиёт, аҳолишунослик ва меҳнат иқтисодиёти. Бугунги кунда туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосаридир.
Мухбир: Баҳриёр Давронович, қисқача инвестиция атамаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июндаги "2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 488-сонли қарорига асосан туманда саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳаларини ривожлантириш ҳақида маълумот берсангиз.
Б.Рофиев: "Инвестиция" атамасининг оддий маъноси сармоя, капитал бўлиб, инвестицияларсиз ҳеч қачон халқимиз даромади ошмайди. Ишсизлик камаймайди. Иш ўринлари меъёрида яратилмайди. Бу аҳолининг бандлиги билан чамбарчас боғлиқ. Инвестиция - иқтисодиётнинг юраги, десак бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июндаги қарорига асосан туманда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш бўйича 50 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Ушбу режаларнинг қиймати 566 543,6 млн. сўм бўлиб, шундан лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ҳисобидан 145 735,8 млн. сўм ва тижорат банкларининг кредит маблағлари ҳисобидан 376 257,1 млн. сўм, ички инвестициялар жалб қилиниши ҳамда шу лойиҳаларни ишга туширилиши натижасида 1092 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.
Туманда 2018 йилда 30 та лойиҳалар ишга туширилиб, 725 та иш ўринлари яратилди.
Шундан саноат йўналишида 14 та лойиҳа ишга туширилиб, 298 та, қишлоқ хўжалиги йўналишида 11 та лойиҳа ишга туширилиб, 256 та, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш йўналишида 5 та лойиҳа ишга туширилиб, 171 та янги иш ўринлари яратилди.
Мухбир: Туманда хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Б.Рофиев: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрда қабул қилинган ПҚ-4067-сонли қарорига асосан туманда 2 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 2019 йилда жами 1,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш белгиланган.
Ушбу инвестиция лойиҳалари 2019 йилда фойдаланишга топширилиб, 1,0 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияларни тўлиқ ўзлаштириш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди.
Шунингдек, туманда 2019-2020 йилларга мўлжалланган Дастур доирасида умумий қиймати 1 324,5 млрд.сўмлик, шундан 102,7 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини ўзлаштириш бўйича 5 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 665 та янги иш ўринлари яратилади.
Жумладан: - "Оқ Амур Балиқлари" фермер хўжалиги томонидан балиқчилик инновацион илмий ўқув маркази, балиқчилик лабораторияси, экобоғ, 200 ўринли махсус мактабгача таълим муассасаси, 100 ўринли меҳмонхона ҳамда кўп қаватли турар жойлар барпо этилиб, лойиҳа ишга туширилиши натижасида155 та янги иш ўринлари яратилиши ва АҚШнинг Филодельфия штатида жойлашган "Original Big Sams JJC" корхонаси томонидан 1,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан - тўғри хорижий инвестиция киритилади;
- "MULTI FRUIT ROREA" МЧЖ томонидан интенсив боғ ташкил этилиб, лойиҳа ишга туширилиши натижасида 35 та янги иш ўринлари яратилиши ва Жанубий Корея давлати фуқароси "PARK JIN SOO CHUNSANGJUNGANGGIL" томонидан 3,5 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция туширилади;
- "LIFT GROUP" МЧЖ томонидан лифт ва лифт эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш ташкил этилиб, лойиҳа ишга туширилиши натижасида 75 та янги иш ўринлари яратилиши ва Хитой Халқ Республикасида жойлашган "Nanjing shingdaheavy Vachine Co" LTD томонидан 0,2 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади;
- "Samarqand Hanshin Greenhouses" МЧЖ томонидан жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий иссиқхона ускуналарини ишлаб чиқариш ҳамда иссиқхона қуриш, иссиқхона хизматларини ўргатиш ўқув маркази ташкил этилиб, лойиҳа ишга туширилиши натижасида 300 га яқин иш ўринлари яратилади ва Жанубий Кореяда жойлашган "HANSHIN" Co LTD томонидан 68,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинади.
- "Interamed" МЧЖ томонидан жаҳон талабларига жавоб берадиган замонавий хусусий клиника ташкил этилиб, лойиҳа ишга туширилиши билан 100 та янги иш ўринлари яратилади ва Ҳиндистон давлатида жойлашган "VEDIMANTRA"корхонаси томонидан 30,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиши кўзда тутилган.
Мухбир: Туманда 2019-2020 йилларга мўлжалланган яна қандай дастур лойиҳалари ишлаб чиқилган?
Б.Рофиев: Мазкур йиллар дастурига мувофиқ 2019 йилда 69 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича 422,6 млрд. сўм, шу жумладан 3 та лойиҳа бўйича 13,1 млн. АҚШ долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади.
Давлатлар кесимида таҳлил қилинганда, 2019 йилда жалб қилинадиган хорижий инвестицияларнинг асосий қисми Ҳиндистон - 10,0 млн. доллар, Жанубий Корея - 2,9 млн. доллар, Хитой - 9,0 млн. доллар, АҚШ - 1,0 млн. долларга тўғри келмоқда. Демак, мамлакатимизга қанча сармоя кўп тушса, давлатимиз ва халқимиз шунчалик бой бўлади.
Мухбир: Айни вақтда мамлакатимизда туризмни йўлга қўйиш, ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратиляпти. Туманда туризмни ривожлантириш бўйича омалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.
Б.Рофиев: Бугунги кунда туманда туризм соҳасини ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш учун 6 та меҳмонхона, мотел (кичик меҳмонхона) ва хостел (уй меҳмонхона) қурилиши режалаштирилган. Уларнинг умумий қиймати 6 500,0 минг АҚШ доллари, (шундан 750,0 АҚШ доллари хорижий инвестицияни) ташкил этади.
Тумандаги Янгиравот маҳалласида жойлашган "Орзу" МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 7 млрд. сўмлик шундан 1 млрд. сўм банк кредити, чет давлат ва республикамиздаги машҳур дам олиш масканларидан андоза сифатида олинган лойиҳа асосида истироҳат боғи ҳамда дам олиш маскани қурилиши режалаштирилиб, мазкур лойиҳани 2019 йилнинг 1 чорагида ишга тушириш белгиланган.
Шунингдек, туманда жами 4 та маданий мерос объектлари аниқланган бўлиб, бугунги кунда маҳаллий ва хорижий туристларнинг оқимини кўпайтириш мақсадида таъмирлаш-реставрация ишлари олиб борилмоқда.
Оҳалик, Миронқул тоғ этагидаги маҳаллалар ва туманнинг Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти филиалида туман меҳнаткашлари, уларнинг оила аъзолари, меҳнат жамоалари ва сайёҳлар дам олиши учун экотуризм, агротуризм йўналишида сайёҳларни қабул қилиш имкониятлари яратилмоқда.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.