Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИМТИЁЗЛАРИНГИЗНИ АНИҚЛАБ ОЛИНГ

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига қулай шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзларини бериш ва солиқ маъмурчилиги самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақлаб қолинди.

Хусусан, солиқ юкини камайтириш бўйича тадбиркорлик субъектларига берилган солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддатлари узайтирилди. Жумладан:

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-325-сонли қарори билан хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш бўйича жорий этилган хизматлар кўрсатувчи юридик шахсларни фойда ва ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этиш бўйича берилган солиқ имтиёзларининг муддати 2020 йил 1 январгача узайтирилди ва ушбу имтиёзлардан фойдаланувчилар тоифасига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, солиқ имтиёзлари асосан, қишлоқ жойларида теридан кийим тикиш ва таъмирлаш, тайёрланган маҳсулотлар ва оёқ кийимларини таъмирлаш, соатсозлик, маиший электрик ва электротехника ускуналарига хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, сартарошлик ва гўзаллик салони хизматлари, шунингдек якка тартибдаги қишлоқ уй-жой массивларида кийимларни кимёвий тозалаш ва ювиш хизматлари билан шуғулланувчиларга берилишига кенгроқ эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида”ги ПҚ-1672-сонли қарори билан оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар ижтимоий-сиёсий ҳамда болалар адабиётини, имкониятлари чекланган шахслар учун адабиётларни сотишдан олинган фойдадан фойда солиғини ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 сентябрдаги «Мамлакатимизнинг дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқувчиларини рағбатлантиришни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2042-сон Қарори билан миллий реестрга киритилган дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқувчилар барча турдаги солиқлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл фондига, бюджетдан ташқари умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзлар муддати 2019 йил 1 январгача узайтирилди.

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилдаги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-417-сонли Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбе-кистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги ПҚ-2699-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарор доирасида юридик шахсларнинг фойда ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқлари бўйича амалдаги ставкалар 2016 йил даражасида сақланиб қолинди ҳамда экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи, ягона солиқ тўлови ва мол-мулк солиғини регрессив ставкасини қўллаш тартиби, яъни экспорт улуши сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга, 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, ставка 50 фоизга пасайтирилиши сақланиб қолинди.

 Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2016 йил даражасида сақлаб қолинди.

Бунда, қатъий белгиланган солиқ ставкаси 2017 йил 1 январь кунидаги энг кам иш ҳақи миқдори, яъни 149 775 сўмдан келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида қайта кўриб чиқилмайди.

 Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича тўловлар ставкалари 2016 йил даражасида қолдирилди.

 Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг амалдаги 5 фоизлик ставкаси сақлаб қолинди.

 Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг амалдаги солиқ ставкаси 15 фоизга индексация қилинди ва қуйидагича этиб тасдиқланди:

Мол-мулкдорларнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз, шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв,метрдан 500 кв,метргача бўлган турар жой ва квартираларга 2,1 фоиз, майдони 500 кв, метрдан ошиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,9 фоиз қилиб тасдиқланди.

Шунингдек, бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200кв, метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 2,1 фоиз миқдорида белгиланди.

 Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари 1,5 бараварга индексация қилинди.

Сувдан ва ердан самарали, оқилона фойдаланиш мақсадида, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини 20 фоизга ва ер солиғи ставкасини 15 фоизга индексация қилинди.

Ягона ер солиғини қишлоқ хўжалиги ерларининг қайта ҳисобланган норматив қийматига нисбатан 0,95 фоиз миқдоридаги ставкаси сақлаб қолинди.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқ қарзини тўлаш муддатлари тугаганидан кейин ҳам бир йил мобайнида тўланмаган тақдирда, қарзни ундиришни мол-мулкига қаратиш мақсадида, солиқ қарзи энг кам миқдордан оз бўлган ҳолларда ҳам мажбурий ундирувга қаратиш тартиби белгиланди.

Амалдаги қонунчиликда юридик шахслар учун солиқ қарзи энг кам иш ҳақининг 20 баробаригача, жисмоний шахслар учун 5 баробаригача бўлганда, солиқ қарзи мажбурий ундирувга қаратилмас эди. Эндиликда ушбу тартиб солиқ қарзини тўлаш муддати тугаганига бир йил бўлган қарздорлар учун бекор қилинди.

 Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ солиш билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича Солиқ кодексининг 38 та моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Қонунчилигимизга киритилган мазкур ўзгартиришлар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий асосларини таъминлайди.

З.ЗОҲИДОВ, туман ДСИ бошлиғининг биринчи ўринбосари


Последнее редактирование: 26/02/2017 20:15;   Просмотров: 1915
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку