Мамлакатимиз ва Бутунжаҳон иқтисодиётида аграр соҳанинг ўрни беқиёсдир, чунки айнан қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакатлар аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатни хом ашё билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг мол-мулкини ва етиштираётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини суғурталаш нечоғлик муҳим аҳамиятга эгалигини англаш қийин эмас.
Агросаноати ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалигини суғурта қилиш юқори даражада қўйилган бўлиб, уларда сифатли суғурта хизматлари кўрсатиш орқали ҳар бир мижоз хавфсизлиги ва барқарорлиги таъминланади.
Суғурта ташкилотлари қишлоқ хўжалик корхоналарининг ҳосилга кирган боғ, пахта, дон ва ҳар хил экинлари ҳосилини табиий офат, бўрон, дўл, сел, ёнғин, совуқ уриши туфайли зарарланиши ёки нобуд бўлиши натижасида кўриладиган молиявий зарарни суғурталайди. Қишлоқ хўжалиги техникаларини, фермер хўжаликларининг мол-мулки, ҳайвонлари ва бошқаларни суғурта ҳодисаси, яъни зарарланиши ёки йўқотилиши натижасида кўрилган зиённи қоплаб беради.
Иқтисодиётни бозор муносабатига ўтказиш билан боғлиқ ислоҳотлар мулкий муносабатларни тубдан ўзгартириб юборди. Улар давлат тасарруфидан чиқарилиб, хусусий ва бошқа мулкчилик шаклидаги корхона ва ташкилотларга ўтказилди. Табиийки, янги шароит хусусий сектордаги корхона ва ташкилотларнинг мулкий манфаатларига етказилган зарарларни қоплаш масъулиятини эндиликда давлат ўз зиммасига олмайди. Суғурта ташкилотлари эса корхона ва ташкилотларнинг мулкий манфаатларини ишончли ҳимоя этувчи самарали восита сифатида бозор иқтисодиёти шароитида муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда мамлакатимиз учун қишлоқ ҳудудларида сифатли суғурта ҳимоясини ва агросаноат соҳасининг ривожланишини таъминлаш долзарб масаладир. Шунинг учун фермерларимизнинг молиявий, иқтисодий билимларини ошириш, суғурта маданиятини яратиш давр тақозосига айланди.
Ҳозирги кунда республикамизда “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонун асосида 32 та суғурта компанияси, шулардан қишлоқ хўжалигини суғурталаш бўйича “O’ZAGROSUG’UR-TA” АЖ фаолият кўрсатмоқда. Бу ташкилот қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда амалдаги қонунчилик асосида 17 та йўналиш бўйича суғурта хизматларини амалга ошириб келмоқда.
Айни вақтда туманимизда жами 1386 та фермер хўжаликлари мавжуд бўлиб, уларнинг 494 таси сабзавотчилик-ғаллачилик, 850 таси боғ ва узум, 35 таси чорвачилик ва қолган 7 таси бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда.
–Суғурта шартномасини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 927 ҳамда 930-моддасига асосан суғурта қилдирувчининг ёзма аризасига биноан Суғурталовчи ва Суғурта қилдирувчи ўртасида тузилади, - дейди “Ўзагросуғурта” АЖ туман бўлими бошқарувчи - менежери А.Саев.
–Суғурта қилдирув- чилар ўзларининг боғ (узум)ларидан олинадиган ҳосилни сотилиши бўйича буюртмачи билан тузилган ва туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида рўйхатдан ўтказилган шартномалари ҳамда суғурталанадиган боғ (узум)зорлар майдони, (гектар) жорий йилда режалаштирилган ҳосилдорлик ва охирги 3 йилда олинган ўртача ҳосилдорлик тўғрисида статистика идорасидан тасдиқланган маълумотларни суғурта шартномасига илова этишлари шарт. Суғурталаш муддати уруғли ва донакли мевалар учун жорий йил 1 мартгача, узумзорлар ҳосили бўйича 1 апрелгача бўлиб, Суғурта мукофоти ташкилотимиз ҳисоб рақамига келиб тушган кундан ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, бугунги давр талаби нуқтаъи-назаридан яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда иш олиб бориш, юртимиз равнақи ва турмушимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш асосий мақсадимизга айланмоғи лозим.
Хайрулло Турсунов, ЎзМТДПсидан туман Кенгаши депутати
Тошпўлат Юсупов, газета мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.