Бу хонадонга қатнайвериб пойи патак бўлган совчилар қанча сўзамоллик қилишмасин, қиз томоннинг розилигини олиша олмади.
– Қизимиз ҳали ёш, - мулойимгина эътироз билдирди эгачи,-ундан кейин, яқиндагина тўйдан чиққанмиз, қўлимиз калтароқ, айланай...
– Унда, нон ушатиб қўяйлик, кейин шароитингизга қараб бир-икки йилларда тўйни ўтказиб олаверардик, – на сих куйсин, на кабоб қабилида таклиф киритди йигитнинг аммаси ва умид кўзи билан мезбоннинг оғзини пойлади.
– Энди, қиз боланинг боши очиқ тургани маъқулроқми, опажон, - яна унамади қизнинг онаси, пиёлаларга чой қуйиб узатаркан. Бирор икки йилларда келсаларингиз, ўйлаб кўрармидик. Берсак, сиздай кишиларга берамиз-да қизимизни, садағангиз кетай...
Онасидан бу сафар ҳам масала бир ёқлик бўлмаганини эшитган йигит дили хуфтон бўлди. Ҳазин хаёллар оғушида машинани бошқараётган йигитга аммаси билан онасининг гаплари қарийб эшитилмасди.Элчиларини машинасида уйига қайратиб олиб бориб ташлагач, латтаси сувга тушиб, аъзойи бадани бўшашиб кетди. Шу пайт болалик йилларидаги воқеа ёдига тушди.
Ўшанда ёшгина болакай хўроз сотиб олгани бозорга тушди. Бир даканни кўриб юраги жиз этди. У сотиб олиш учун бор маҳоратини ишга солиб савдолашаркан, чўнтагидаги йўл кирага ажратиб қўйган пулиниям қўшди. Дазмолланмаган матодай юзини бужмайтириб ўтирган сотувчидан эса “бўлмайди”, “тўғри кемайди”, “барибир бу нархга сотмайман, жиян”, “қўй, бошимни оғритма”дан бошқа жавоб чиқмасди. Шу пайт бозордаги издиҳом ичидан бир қора барзанги келиб, хўрозни кўтариб у ёқ-бу ёғини кўздан кечирган бўлдию, даканга “жазман”лик қила бошлади. Лекин у ҳам йигитча айтган нархдан нарига ўтмади. “Бор барака!”, деб сотувчининг қилтириқ қўлларини бир-икки силтаганди, сотувчи “бўпти, олақолинг” деганини ўзиям сезмай қолди. Бундан фиғони фалакка чиққан бола алам билан: “Амаки, ярим соатдан бери шу нархга беринг, деб ўтирсаму, менга йўқ деб, бу кишига сотивордингиз-а?!”, деб хархаша қила бошлаганди ҳамки, ҳалиги қора барзанги нақ паншахадай кафти билан йигитчанинг елкасига қоқиб: “Энди, бу - бозор-да”, дея кўзини қисиб қўйди.
Орадан икки ой ўтар-ўтмас қиз кўздан ғойиб бўлди. На ишига боради, на телефонга жавоб беради... Йигит хавотирланиб қизнинг ишхонадаги дугонасига учрашди. У тўсатдан зардали оҳангда: “Уни бошқа безовта қилманг, уйидагилари бир ҳафта олдин бошқасига унаштиришди, тушуняпсизми? Хуллас, қанча тез унутсангиз, ўзизгаям, унгаям шунча яхши бўлади. Хайр!”, дедида шартта бурилиб ўз юмуши билан ўралашиб кўздан ғойиб бўлди.
Кўнгли сезганди-а... “Икки йилларда... сиздай кишиларга бермамизда қизимизни” дейишганди-ку!-кўнглидан ўтказди у. Ҳа, қўли узун одамга берганда. Ҳе, қўли калталик қурсин! Энди... Бу - бозор экан-да.
Алишер САБРИЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.