Мамлакатимизда ишлаб чиқариш, саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шу орқали импортни камайтириш ва экспортни кўпайтиришга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айни жараённи самарали ташкил этиш учун яратилган шароитлар, имконият ва имтиёзлар асосида юртимиз тадбиркорлари, ишлаб чиқарувчилари томонидан салмоқли ишлар қилинмоқда.
Биргина божхона соҳасида тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар натижасида бугун Қозоғистон, Туркия, Вьетнам, Эрон, БАА, Хитой, Россия, Ироқ, Беларусь, Афғонистон, Ҳиндистон ва Озарбайжон каби 35 та давлат билан экспорт йўналишида тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш мақсадида мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли дастурлар, чора-тадбирлар белгиланиб, қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг I чорагида вилоятимиздан 74 та саноат ва 72 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар экспорт дастурига киритилган бўлиб, улар томонидан 48,7 млн. АҚШ долларидан зиёд маблағга маҳсулотлар экспорт қилиниши режалаштирилган. Бунда 15,1 млн. АҚШ доллари саноат маҳсулотлари ва 33,6 млн. АҚШ долларидан ортиғи мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳисобига тўғри келади.
Таҳлилларга кўра вилоятда жами 56 млн. АҚШ долларидан зиёд миқдордаги ёки прогнозга нисбатан 7,3 млн. долларга кўп экспорт амалга оширилиши кутилмоқда. 2018 йилнинг январь-февраль ойларида вилоят ташқи савдо айланмаси 161 млн. АҚШ долларидан зиёд бўлгани ҳолда жорий йилда ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизни ташкил қилди.
Вилоятда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти йил сайин ортиб бормоқда. Бунинг сабаби ушбу йўналишда тадбиркорлик субъектларига қулай имкониятлар яратилаётганлигидир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 ноябрдаги "Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қарорга кўра хўжалик юритувчи субъектларга етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга оширишда экспорт шартномаси тузмасдан инвойс асосида олдиндан 100 фоиз тўлов шарти билан экспорт қилиш ҳуқуқи берилган. Мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш учун божхона юк декларацияси маҳсулотларни божхона кўриги далолатномаси тузилгандан сўнг 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоят божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида ҳам маҳсулотларни ўз вақтида божхона кўригидан ўтказиш ва расмийлаштириш ишлари тизимли амалга оширилмоқда. Бундан тадбиркорлар ҳам, экспортёр корхоналар вакиллари ҳам мамнун. Вилоят божхона бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали ҳозирда бир кунда ўртача 850 тоннадан 1000 тоннагача бўлган маҳсулотни экспорт қилиш имконияти яратилган. Бунда божхона ходимлари тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида куну тун — 24 соат мобайнида божхона кўриги ва расмийлаштириш ишларини амалга оширишмоқда.
Жумладан, "Самарқанд" ТИФ божхона постида экспортга юборилаётган барча турдаги маҳсулотларни тез фурсатларда расмийлаштириш тизими яратилган. Мазкур пост орқали экспорт қилиш учун олиб ўтилаётган товарлар замонавий рентген аппарати орқали тез ва қулай тарзда кўрикдан ўтказилиб, божхона расмийлаштируви ишлари амалга оширилади ҳамда экспортга йўналтирилади. Бир сутка мобайнида мазкур божхона пости орқали ўртача 35-40 та автотранспорт воситасини божхона назоратидан ўтказиб, экспортга йўналтириш имконияти йўлга қўйилган.
Бугун вилоятда экспорт ҳажмини ошириш борасида етарли даражада имкониятлар мавжуд. Жорий йил якуни билан бу борада аниқ дастурлар амалга оширилади. 331,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни экспорт қилиш белгиланган. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан мунтазам равишда вилоятда экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналар ва тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мавжуд муаммолар ҳал этилиб, истиқболли лойиҳалар амалиётга жорий қилинмоқда.
Ғайрат САТТОРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.