Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЧИРОҚНИ ЁҚИБ ЮРМАСАНГИЗ ЖАРИМА ТЎЛАЙСИЗ

ёхуд йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига доир янгиликлар хусусида

Куннинг ёруғ вақтида барча автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёқиб ҳаракат қилишлари ёки айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка эга бўлгани кўпчилик учун янгиликдир. Шу муносабат билан биз туман ички ишлар бўлими Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи, майор Алишер Норматов билан суҳбатда бўлдик.

- Хабарингиз бор, сўнгги йилларда ҳаётимизнинг турли жабҳаларида содир бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Соҳани такомиллаштириш, унга янги, инновацион технологияларни жорий этиш, қонунчиликни замон талаблари даражасига кўтариш йўналишидаги ишлар шулар жумласидандир, - дейди Алишер Ҳамзаевич. - Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 апрелидаги "Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарори ҳам соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давоми, дейиш мумкин.
Туман ҳудудидаги кўчаларимизда видеокузатув мосламалари ўрнатилганидан кейин қоидабузарликлар сони сезиларли даражада камайди. Аммо, мазкур тизим амалга жорий этилиши баробарида қоидаларнинг айрим бандларига тўлдиришлар киритиш зарурати туғилди. Бу ерда гап 5.33 рақами билан белгиланган тўхташ чизиғи тўғрисида кетаяпти. Видеокамералар бу қоидабузарликни ҳам тасвирга туширар, ҳайдовчилар эса айрим ҳолларда бунга "Машинам ғилдираги тўхташ чизиғини босмаган, олдинги нуқтаси чизиқ устида турибди", қабилида эътироз билдиришарди. Шу сабабли қоидаларнинг 41-бандининг биринчи хатбошиси қайта таҳрир қилинди. Унга кўра, транспорт воситасининг ғилдираги энг олдинги тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-банди иккинчи хатбошиси қуйидагича кўриниш олди: Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, ДЙХХ билан келишилган ҳолда, йўл шароитлари юқори ва кичик тезликда хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайдиган ҳолларда, йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлигини оширишга ва пасайтиришга (тегишли йўл белгиларини ўрнатган ҳолда) ваколатлидир.
Аввалги таҳрирда фақатгина тезликни ошириш назарда тутилган эди. Лекин, таҳлиллар тезликни ошириш баробарида уни пасайтириш ҳам зарур эканлигини, транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлигининг ошиши йўл-транспорт ҳодисасида фуқароларга етказилган жароҳат оғирлигининг тезликка нисбатан геомерт пргрессия тарзида ошишига олиб келишини кўрсатди. Хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилганда, Буюк Британия, Германия, Франция, Финляндия, Австрия, Бельгия, Болгария, Дания, Греция, Ирландия ва бошқа қатор давлатларда ушбу тезлик соатига 50 километр этиб белгиланди. Озарбайжон, Грузия, Россия, Туркманистон, Қозоғистон каби давлатларда эса соатига 60 километр этиб белгиланган.
Қолаверса, ўрганишлар тезлик қанча юқори бўлса, ҳайдовчининг йўлдаги хавфни кўрганидан сўнг автомобилнинг тўхташигача босиб ўтган "тўхташ йўли" шунчалик узун бўлишини кўрсатган. Яъни тезлик соатига 70 километр бўлганда "тўхташ йўли" узунлиги 56 метрни ташкил этса, тезлик соатига 60 километр бўлганда унинг узунлиги 45 метрни ташкил этади. "Тўхташ йўли" тушунчаси "тормоз йўли" тушунчасидан фарқ қилиб, ушбу йўл узунлигига ҳайдовчи хавфни кўриб, автомобилни тўхтатишга қарор қабул қилиши ва тормоз педалини босгунга қадар муддатда босиб ўтган йўл ҳамда ҳайдовчининг тормоз педалини босгандан сўнг автомобилнинг тўлиқ тўхташигача босиб ўтган "тормоз йўли" киради.
Юқоридагиларни инобатга олиб, йўл-транспорт ҳодисалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, эндиликда ҳайдовчилар айрим йўл участкаларида тезликни пасайтиришлари ҳам мумкин бўлади. Бу, албатта, ДЙҲХХ билан келишган ҳолда, йўл белгиларини ўрнатилгач, амалга оширилади.
"Чорраҳада ҳаракатланиш" деб номланган бобининг 98-бандига киритилган ўзгаришга асосан, "Айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга бўлади. Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларида айланма ҳаракат ташкил этилган чорраҳада ҳаракатланиш тартиби белгилаб берилмаган, айлана ҳаракат ташкил этилган жойлар бир-биридан фарқ қилар эди. Ҳаракатланиш йўл белгилари асосида ташкил этиларди. Қоиданинг 60-бандида ҳайдовчи ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши кўрсатиб ўтилганди. Бу эса кўп ҳолларда айланада тирбандлик юзага келиб, кесишманинг ўтказувчанлигига салбий таъсир кўрсатарди. Эндиликда бу масалага ҳам ойдинлик киритилди. Қоидаларининг 138-банди эса қуйидаги таҳрирда баён этилади: "Куннинг ёруғ вақтида барча автомотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт". Бу хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилди. Чироқлари ёқилган ҳолда ҳаракатланаётган транспорт воситаси тез эътиборга тушади. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам уни ўз вақтида илғаб олишига имкон кенгаяди. "Юк ташиш" деб номланган бобининг 162-бандига қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши қўшилди: "... (автотранспорт воситаларининг очиқ юк ташиш платформаларида, иссиқ асфалть, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари, қурилиш материаллари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек, тўкиладиган бошқа юкларни ташишда) юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан ёпилган бўлса". Яна бир ўзгариш велосипед ҳайдовчиларига тааллуқлидир. Эндиликда велосипедчилар рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиши (манёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно) тақиқланди. Бундан ташқари, йўл ҳаракати қоидаларининг 1 ва 2-иловаларига ҳам қўшимчалар киритилди. Бир қатор янги йўл белгилари жорий этилди.

Суҳбатни Зоҳир
ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.


Последнее редактирование: 31/05/2019 15:03;   Просмотров: 997
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку