Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий ўзининг бутун умри давомида илми адаб аҳлига раҳнамо ва ҳомийлик қилганлиги билан ҳам ўрта асрлар маданий ҳаётида чуқур из қолдирган буюк сиймолардан биридир. Мутаффакир бобомизнинг бевосита моддий ва маънавий кўмаги остида кўплаб шоирлар ижод этган. XV аср Ҳирот маданий муҳитининг Абдураҳмон Жомий, Мирхонд, Хондамир, Камолиддин Беҳзод, Султон Али Машҳадий каби ўнлаб олим ва санъаткорлари Навоий муҳитига умрбоқийлик бахшида этишган. Улар ўз асарларида Навоийни юксак эҳтиром билан тилга олганлар. Абдураҳмон Жомий айтганларидай:
Борлиқ чаманидан ёр булбул,
Парвози фазоси кенг очар йўл.
Ёрнинг сараси Навоийдур ул,
Гул шохи узра вафоли булбул.
Соз этса у дилрабо навосин,
Ҳар хаста кўнгил топар давосин.
XV аср туркий тил ва адабиёти гуллаб-яшнаган, энг юқори чўққисига кўтарилган бир давр бўлдики, амалий жиҳатдан-бадиий ижодда ҳам-кўплаб рисолалари билан туркий ва адабиётининг мислсиз имкониятлари Навоий асарларида юз кўрсатди. Ҳиротда Мир Алишернинг шахсий ташаббуси ва кўрсатмалари асосида Халосия, Шифоия, Низомия каби бир неча мадрасалар қурилиб, уларда дунёвий билимлар берилди. Риёзиёт (математика), илми нужум (астрономия), ҳандаса (геометрия), мантиқ, фиқҳ (қонуншунослик), ислом назарияси, тарих, фалсафа бўйича йирик асарлар ёзилди. Ҳирот олимларининг кўпчилиги ўз асарларини миннатдорчилик рамзи сифатида Навоийга бағишлаганлар. Тарихчи Хондамир"Хулосат-ал ахбор" да буюк шоирга бағишлаган йигирмадан ортиқ асар ва уларнинг муаллифлари номини тилга олиб ўтади.
Навоийнинг замондоши, форс-тожик шоири Камолиддин Биноийнинг қуйидаги мисралари XV аср Ҳирот илм-фан ва санъат аҳлининг Улуғ Амир даҳоси қаршисида чуқур эҳтиром кўрсатганликларига яна бир далилдир.
Сенга тенг бўлолмас давлатда киши,
Билимда етолмас сенга ҳеч инсон.
Фозиллигинг қуёшдек аёндир сенинг,
Мангу порлаб турар, сўниши гумон.
Ҳа, девон тузишда ҳам, "Хамса" яратишда ҳам Алишер Навоий нафақат форсигўйлар билан беллашди, балки улардан ўзди ҳам. Туркий адабиётни форс адабиёти билан бойитишда Навоийнинг биргина ўзи ўнлаб шоирлар бажарадиган адабий хизматини ўринлатди. Унинг асарлари ҳам бадиий қудрати ва умумбашарий моҳияти, ҳам саноғига кўра Навоийни Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Ҳофиз Шерозий, Амир Хисрав Деҳлавий сафларига ҳақли равишда олиб чиқди.
Янги ўқув йилининг дастлабки куни эди, коллежимизга ўқишга келган ўқувчилар билан бирма-бир танишмоқдаман.
- Сенинг исминг нима? - дедим сочлари майдалаб ўрилган қизга.
- Шириной.
Хаёлим улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг "Фарҳод ва Ширин" достони томон етаклади. Ҳа, қайси давр бўлмасин, гўзаллик, зукколик, вафо ҳақида гап кетса, "Фарҳод ва Ширин" достони қаҳрамони - соҳибжамол, оқила Ширин кўз олдимизда гавдаланади.
Буюк шоир Алишер Навоий Шарқ адабиётида мавжуд адабий анъаналарга риоя қилиб, ўзининг "Фарҳод ва Ширин" достонида Ширинни Арман мамлакати ҳукмдори Меҳинбонунинг севикли ва эрка жияни сифатида тасвирлаган. Фарҳод Ширинни илк бор "ойнаи жаҳон намо" да дугоналари билан биргаликда от устида кўраркан, мана бу таърифни беради:
Бори чобуксувори моҳ пайкар,
Жавоҳирдир бериб пайкарга зевар.
Жабинлар гул-гулу киприклари хор,
Қабоғлар кенг-кенг-у оғизлари тор...
Буларни ўқирканман, Навоий бобомиз Ширин образини яратар экан, ўз юрти қизларидан андоза олган, деган фикр ўтди. "Қабоғлар кенг-кенг-у оғизлари тор..." ибораси соф ўзбекона халқона сифат.
Алишер Навоий халқ қўшиқларини ҳам жуда яхши билган ва ўз қаҳрамонининг руҳий ҳолатига мос пайтда узукка кўз қўйгандай чиройли тарзда ишлата олган. Садоқат, вафо, ҳусн бобида гап кетганда, биз ва сиз меҳр билан Ширинни кўз ўнгимизга келтирамиз.
Навоий гўё ўз Ширинини дунё адабиётининг Фирдавсий, Низомий, Ганжавий, Амир Хисрав Деҳлавий каби буюк ижодкорлари билан мусобақалашиб яратгандай...
Гулирухсор ҲАКИМОВА,
педагогика коллежи ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.