Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

У М И Д

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

Кўнгилга таскинни излабми кўкдан,
Нигоҳни тикамиз само қаърига.
Заминга чўккандек бўламиз юкдан,
Важ-карсон топилмас армон қаҳрига.

Кўзимиз ер чизар бир дўстни кўриб,
Хижолат уйғотар қалбда хотира.
Бунча мард бўлмаса - кетмас тупуриб,
Турмайди бир пайтлар биздек ётсираб.

Нолиймиз, муҳаббат армон бўлди деб,
Ўзнимас, севгини бевафо санаб.
Даврада кўрмаймиз ўлтирмоқни эп,
Ҳайъатда турамиз кўзни паналаб.

Ҳар айтган гапимиз иймондан сўзлар,
Йўқ амал таъмадан мосуво бўлса.
Тил забун, фикрлар изланар кўздан,
Ҳолимиз не кечар нигоҳлар ўлса.

Унутдик юлдузни, унутдик ойни,
Шабада эсаркан, қаранг, ёвданмас.
Ё қорга қайтадан қилсакми жойни,
Ўлжамиз бешафқат ҳалол овданмас.

Лутфни унутдик - ўзликмиди у,
Кўп бўлди, айтилмас жумардлик сўзи.
Холислик саналмас эди иш эзгу,
Бирдамлик кетгандек ҳар ёнга тўзиб.

Бандага турфа ранг бергани синов,
Авлоди бошланур Одам Атодан.
Инсонлар ичида бўлмас ёт, биров,
Шарт иймон келтирмоқ битта садодан.

Шукурки, тан олар ақлимиз сирни,
Ҳайратли бу олам Тангридан инъом.
Уйимиз ер, бузмас ҳеч ким қасрни,
Фаромуш бўлмаса инсон деган ном.

Фақат ер талошдир, меҳрлар канда,
Мен эса пойлайман самонинг йўлин.
Ерни забт этмоққа келар Искандар,
Тобутдан чиқариб икки бўш қўлин.


Дата добавления: 03/11/2017 12:23;   Просмотров: 1298
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку