Шерматов Рустам оиламиз устуни, фарзандларим отаси эди. Бу инсон беғубор фазилатлари, бизга кўрсатган меҳри билан абадий хотирамизда қоладиган бўлди...
Мен сизни эслайман ҳар қадамда,
Бир зум ҳам ёдимдан чиқмайсиз лекин.
Эсдаликлар қолди фақат қалбимда,
Етиб борармикан оҳу зорларим.
Гоҳида сиғмайман ёруғ оламга,
Қалбимни чулғайди алам-изтироб.
Сиз менга кераксиз, кераксиз ҳар он,
Меҳрни қаердан излайин шу тоб.
Ўттиз йил, балки айтишга осон,
Қанча синовлару, метин бардошлар.
Ўтган дақиқалар аниқ гувоҳдир,
Яхшиям ёрилиб кетмас юраклар.
Жонингиз узилди кўзим олдида,
Аламим ютиб, мен қолдимку ночор,
Шу кеча мен учун оғир эди-да.
Ёлвордим, Худойим сабр бер, такрор.
Устингизни ёпдик оппоқ сурпларга ,
Беғубор ётдингиз мангу уйқуга.
Удумларни бажармоқ эди вазифам,
Чидашим шарт эди, бошқа йўқ чора.
Айюҳаннос солиб йиғламадим мен,
Ҳатто кўрсатмадим кўзим ёшини.
Марддек тура олдим ахир онаман,
Энди ким силайди болам бошини.
Дард билан олишиб чиқдингиз тунлар,
Бедаво дардлигин билмасдан қолдик.
Аллақачон битилган экан тақдирлар,
Фақат хотирага суяниб қолдик.
Ҳа, хотирага суянамиз. Бу қайғулар, алам ва изтироблар юракка оғирлик қилади. Юрак фақат безовта. Яшаш, яшамоқ-ташвиш ва алам. Ўлим чи, ҳа ўлим ҳақ, бу пешонага битилган қисмат.
Айтишади-ку, бешик билан қабрнинг ораси бир қадам, деб. Кимдир шу қадамни тез босиб ўтади, ёки аксинча. Нима, қандай бўлганда ҳам бу жон-омонат. Интилиб яшаймиз. Баъзида ўлим ҳақлигини тан олмаймиз. Унинг эртами ё кеч келиши фақат Парвардигорнинг ўзигагина аён. Хўш, билганимизда-чи? Гуноҳкор бандамиз, қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Аммо бу дунёда қоладигани фақат яхшилик ва савобли амаллардир.
Қайғурма, юракка осон тутмагин,
Қанча синовларни кўтаради у.
Қўлингдан ҳеч нарса келмайди иним,
Яхшилик дунёда қолади мангу.
Яхшилик қилиб, меҳр бериб, оқибатли бўлиб яшаш шиоримиз бўлсин.
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.