Эркин ВОҲИДОВ
Дейман: саҳар шафақдан
Учқунми, лоласанму,
Шодлик майига тўлган
Гулгун пиёласанму?
Дейди: қизиқ саволинг,
Қайда, ажаб, хаёлинг,
Еллар кўриб бу ҳолинг
Кулмоқда, боласанму?
- Сўзимни қаттиқ олма,
Бошингни қуйи солма,
Бунча қизарма, лола,
Мендан уёласанму?
- Сен, айт-чи, қайси ёғдан,
Қайси чаман ва боғдан?
Кулсанг дедим, шу тоғдан
Тушган шалоласанму?
- Билсанг, уйим шаҳарда,
Келдим сенга саҳарда,
Юр, хўп десанг агарда,
Ё шунда қоласанму?
- Кўксингда, майли, инсон,
Сенга фидо қилай жон.
Баргимни шеър ёзилган
Дафтарга соласанму?
- Дема фақат варақдан,
Жой олгусен юракдан,
Учқунмисан шафақдан
Ёинки лоласанму,
Ёқут пиёласанму
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.