Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг жорий йилнинг 5 апрелидаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўта муҳим, долзарб ва юксак аҳамиятли ҳужжат бўлди.
80 йилдан ортиқ тарихга эга бўлган нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ўзбек адабиёти тарихи ва тараққиётида муносиб ўрни бор. Шўролар тузуми даврида турлича мафкуравий тазъйиқларга учраганига қарамасдан мазкур ижодий уюшма – миллат руҳи бўлган она тилимиз, бобомерос қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб қолиш, авлодларга безавол етказиш, ақлу тафаккуримизни юксалтиришга сўз санъаткорларини бирлаштириш, ёш истеъдод эгалари, эркин фикрловчи шахсни шакллантириш салоҳиятини оширишга камарбасталик қилди.
Эътироф этиш лозимки, миллат учун эркка етадиган саодат йўқ. Унинг қадр-қиммати йил сайин ошиб бораверади, ўзлигимизни танийверамиз. Мустақиллигимизнинг илк даври – бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида эса маданият, санъат, адабиёт оғир аҳволга тушди. Пул ва фойда кўриш кетидан қувиш одамлар руҳиятининг қашшоқлашувига олиб келиши мумкинлиги шоир-ёзувчиларимизнинг доимий диққат марказида бўлди. Бу маънавий инқироздан чиқиш учун миллий ғурурнинг табиий ҳосиласи ўлароқ ватанпарварлик ғояси асосида маънавий жасоратга ундаганида яққол кўзга ташланди.
Ҳозирги адабий жараёнда ўзбекона руҳ, миллий ҳаёт тарзи, жаҳоншумул цивилизацияда янги бадиий изланишлар оқими, миллат қалбига шериклик замон талабига мувофиқ барча соҳалар каби миллий адабиётимиз ривожини янги босқичга кўтариш бўйича ҳам кенг миқёсдаги ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон "Ижод" жамоат фонди тузилди. Адиблар хиёбони ташкил этилди. Адабиётимиз атоқли намояндаларининг юбилейлари муносиб нишонланмоқда. Истеъдодли ёшлар қўллаб-қувватланмоқда. Турли ижодий анжуманлар ўтказилмоқда. Ёш ижодкорларнинг биринчи китоблари давлат ҳисобидан нашр эттирилиб, оммавий мутолаа ўчоғи – таълим муассасалари, кутубхоналарга етказилмоқда.
Бироқ айни пайтда, истеъдод ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган илоҳий неъмат. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият кўлами, Низоми, таркибий тузилмаси шиддатли давр талабига жавоб бермаяпти. Ижод аҳлининг машаққатли меҳнати ва қадриятларига эътибор қаратилмаяпти.
Миллионлаб одамларнинг қалбидан чуқур жой олган марҳум истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф бир шеърида шундай дейди:
Қувроқ бўл дейишди. Ёлғон ҳам керак,
Жиндек хушомад ҳам, қулоқ солмадим.
Оқни оппоқ кўрдим, қорани – қора –
Мен ўз билганимдан қолмадим...
Мамлакатимизнинг истиқболли ҳаракат стратегиясида белгилаб берилган вазифалар – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятида ҳам такомиллаштирилмоқда. Мамлакатимизда миллий ғоя, янгича тафаккур ва дунёқарашни ривожлантириш туфайли ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбияланмоқда. Уюшма аъзоларини юксак бадиий асарлар яратиш учун қўллаб бориш, меҳнатини адолатли баҳолаш, уюшма аъзолигига истеъдодли ва истиқболли ёшларни қабул қилиш бўйича замонавий мезонлар, кекса авлод вакилларининг ҳудудларда узлуксиз маҳоратли ижодкор сифатида маҳаллалар, ҳарбий қисм, таълим муассасалари, зарбдор меҳнат жараёнининг дам олиш пайтида, ишлаб чиқариш корхоналари ҳузуридаги тарғибот-ташвиқотли ижодий учрашувлари уюшмага аъзо қилишни кўриб чиқиш пайтида инобатга олинса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шу билан бирга, уларнинг ёш истеъдодларни излаб топиш, иқтидорини рўёбга чиқариш, янги мукаммал асарлар яратиш, дунё адабиётининг энг сара намуналарини ўзбекчадан хорижий тилларга таржима қилишдаги меҳнати, айни пайтда заҳмати сингган ижодкорларнинг ҳақ-ҳуқуқини ёш чеклови билан кемтиклаб қўймаслик, хусусан вилоятларда яшаб, фаол ижод қилаётганларнинг ҳам муаллифлик ҳуқуқини инобатга олиб, Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлиши қўллаб-қувватланса.
Жойларда ўз ижодий қобилиятларини намоён этган иқтидорли ижодкор ёшларнинг истеъдодини ҳимоялаш мақсадида туман ва шаҳар кенгашлари ҳамда ҳокимликлар нашри бўлган газеталарда устоз ва шогирдлик мактаби расмий равишда йўлга қўйилса, кейинчалик бу мактаб Олий адабиёт курсларига йўналтиришда манба сифатида хизмат этса қандай ажойиб иш бўлар эди.
ОАВ қошида маънавият дарслари, назарий маълумотлар, китоб мутолааси маданиятини оширишга хизмат қиладиган кўрик-танловлар йўлга қўйилса-ю, бунга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳомийлик қилса, нур устига аъло нур бўларди.
Хулоса қилиб айтганда, шеъриятда ижтимоий ва шахсий руҳий кайфиятни яхлит, табиий синтезланган шаклда акс эттириш, насрда фикрлар ифодаси учун танланган ҳаётий, рамзий тимсол ва тасвирлар ўзининг табиий ва мантиқийлиги билан ўқувчида шубҳа уйғотмаслиги керак. Зеро одамзод тириклиги якрангликдан йироқ. Адабиёт одамнинг инсоний қиёфасини, иймон ва эътиқодини омон сақлаб, руҳининг юксалишида беқиёс ва безавол манбадир.
Раҳимжон НАИМОВ,
Шоир, Халқаро «ANTIQVE WORLD»
илмий академияси профессори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.